Жаҳон | 15:14 / 24.04.2023
12125
2 дақиқада ўқилади

Жапаров 9 май куни Россияга боришни режалаштираётган ягона хорижий давлат раҳбари бўлади

Фото: РИА Новости

Россиянинг бир қатор ҳудудларида 2023 йил 9 май - Ғалаба куни шарафига параддан воз кечишга қарор қилинди. Москва ва бошқа шаҳарларда «Ўлмас полк» марши ҳам ўтказилмайди.

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров Ғалаба куни муносабати билан Москвада ўтказиладиган байрам тадбирларига ташриф буюриши кутилмоқда, у ягона хорижий давлат раҳбари сифатида келиши мумкин, деб ёзади «Ведомости» дипломатик манба ва президент маъмуриятига яқин суҳбатдошга таяниб.

Жапаровни Россияга Ғалаба кунини нишонлаш учун март ойи охирида ҳукуматдаги халқаро муносабатларни назорат қилувчи Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук таклиф қилган. 

«Албатта, биз Қирғизистон ушбу ғалабага ва Москвани ҳимоя қилишга қандай ҳисса қўшганини доим ёдда сақлаймиз, бу биз учун муқаддасдир», — деди Оверчук ташриф ҳақида эълон қилар экан. 

«Ведомости» манбаларига кўра, шу кунларда амалга ошириладиган ташриф нафақат тантанали тадбирларда қатнашиш, балки Путин ва Жапаров ўртасидаги музокараларни ҳам ўз ичига олади. 

2022 йилда Ғалаба кунини нишонлаш учун бирорта ҳам хорижий давлат раҳбари Москвага келмаганди. Кремл буни чет эллик раҳбарларни таклиф қилмагани билан изоҳлаган. 

Россиянинг бир қатор минтақаларида 2023 йил 9 май куни «хавфсизлик нуқтайи назаридан» Ғалаба куни шарафига парадни ўтказмасликка қарор қилишди. Москва ва бошқа шаҳарларда «Ўлмас полк» марши ҳам бўлмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид