11:27 / 27.04.2023
9928

Исроил Лавров раислигидаги БМТ мажлисини тарк этди

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Фаластин масаласи муҳокама қилинди. Исроилнинг доимий вакили Эрдан ҳалок бўлган Исроил ҳарбийлари ва полициясини хотирлаш кунида айбловларга қулоқ солмоқчи эмаслигини айтди.

Фото: Mike Segar/Reuters

Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан 25 апрел, сешанба куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров раислигида ўтган Хавфсизлик кенгаши йиғилишини тарк этди. Исроил ҳалок бўлган ҳарбийлар ва полициячиларни ёдга олган Хотира кунига тўғри келган йиғилишда Фаластин масаласи муҳокама қилинди.

Эрданнинг сўзларига кўра, у бир неча бор учрашув санасини кейинга қолдиришни сўраган, бироқ уни эшитишмаган. "Мен бу кунни айбловларни тинглаш билан ўтказишдан бош тортаман. Бу муҳокама ҳалок бўлганларни ҳурмат қилмайди. Исроил унда иштирок этмайди", - деди дипломат. У ўтган йили ҳалок бўлганларнинг исмларини ўқиб, шам ёқиб, йиғилишни тарк этди.

Сергей Лавров Эрданнинг Хавфсизлик кенгаши йиғилиши Исроилга қарши бўлгани ҳақидаги айбловини рад этди. “Учрашув Хавфсизлик кенгашининг ўнлаб йиллардан буён кун тартибида бўлган банди асосида бўлиб ўтди ва Фаластин муаммоси энг қадимги масала бўлиб, уни ҳеч ким ва ҳеч қачон ҳал қилиб олмаган”, - дейди Россия дипломати.

Шунингдек, Лавров Хавфсизлик кенгаши иш жадвали олдиндан муҳокама қилинганини таъкидлади ва унинг сўзларига кўра, сешанба куни Яқин Шарқ муаммолари, жумладан, “Фаластин муаммоси” кўриб чиқилишига ҳеч ким эътироз билдирмаган.

Аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам Россия ташқи ишлар вазири раислигидаги БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисида иштирок этишдан бош тортган эди.

Top