Самарқанд туманидаги сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган эшкак эшиш каналида ўсмирлар ҳамда ёшлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек, параканоэ бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Мусобақанинг 27 апрел куни ўтказилган иккинчи кунги баҳсларида Ўзбекистон жамоаси атлетлари 10 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Табиийки биринчи кунги пойгаларда 6 та олтин олган ўзбекистонлик спортчилар умумжамоа ҳисобида яққол устунлик қилмоқда.

Ўзбекистонлик Осиё чемпиони Денис Онуфриев

Биринчи кунги баҳсларда Ўзбекистондан кейин энг кўп олтин медал қўлга киритган Эрон жамоаси 27 апрел куни 10 та медал ютди. Аммо улардан фақат биттаси олтин бўлди.

Куннинг энг қувноқ атлети бўлган эронлик параканоэчи Ислом Жаҳиди 500 метрга ўтказилган пойгаларда икки ҳиндистонлик рақибини ортда қолдириб, Эронга куннинг ягона олтинини келтирди. У шоҳсупага кўтарилаётганда рақиблари билан қўлтиқтаёқда кўришиб ҳазиллашди-да, томошабинларга яхши кайфият улашди.

Ислом Жаҳиди, Эрон

27 апрел куни Қозоғистон жамоаси жуда яхши қатнашди. Қўшни давлат атлетлари кун якунларига кўра 7 та олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди. Шунингдек, ҳиндистонлик атлетлар ҳам иккинчи кунги пойгаларда жуда фаол бўлиб, кўплаб медалларга эга чиқди.

Микс йўналишда Осиё чемпионлари Раҳматулла Бекарис ва Карина Семеникина, Қозоғистон.

Кун якунида Осиё чемпионатида совриндор бўлган баъзи атлетлар билан суҳбатлашдик.