Ўзбекистон пахтанинг кўп суғоришни талаб этмайдиган навларини ишлаб чиқмоқчи
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши ишчи гуруҳи аъзолари ва инновацион уруғчилик бўйича Испаниянинг етакчи компаниялари Eurosemillas ва Gedepsa вакиллари ўртасида видеомулоқот шаклида музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Учрашувда инновацион уруғчилик ва янги пахта навларини яратиш бўйича Испания тажрибасини ўрганиш, тажриба алмашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Eurosemillas компанияси ижрочи менежери Хосе Мария Фонтан ҳамда пахтачилик йўналиши бўйича бош технолог Бернардо Кастро Ўзбекистон томонига пахтачилик йўналишида олиб бораётган фаолият, экстремал об-ҳаво ҳароратларига, сувсизликка ҳамда зараркунандаларга чидамли янги пахта навларини яратишда эришилган ютуқлар тўғрисида тақдимот ўтказишди.
Ўз навбатида, Геномика ва биоинформатика маркази директори Забардаст Бўриев ва Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директорининг ўринбосари Шодмон Намозов испан вакилларини Ўзбекистонда пахтачилик соҳасини ривожлантириш бўйича кўрилаётган ишлар билан таништирди. Хусусан, мамлакат раҳбарияти томонидан сўнги йилларда иқлимнинг кескин ўзгариши сабабли ҳудудда сувсизлик ва шўрланиш оқибатида пахтанинг янги, экстремал ҳароратларга чидамли, кўп суғоришни талаб этмайдиган навларини яратиш, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда илмий изланишлар олиб боришга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон пахтачилик соҳаси вакиллари делегациясининг Испанияга ишчи сафарини ташкил этиш ва сафар давомида пахтачилик йўналишида юқори натижаларга эришган инновацион испан компаниялари фаолиятини кўздан кечириш ҳамда илмий-тадқиқот натижалари билан бевосита таништириш юзасидан келишиб олинди.
Мавзуга оид
18:02 / 10.10.2024
Шаҳрисабзда аҳолини пахта теришга мажбурлаган маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди
19:45 / 09.10.2024
Ўқитувчиларнинг пахта теримига жалб этилиши ноқонуний — ММТВ
15:43 / 28.09.2024
Биржада пахта нархи 11 минг сўмгача кўтарилди. Бу нимадан дарак?
12:38 / 27.09.2024