Жаҳон | 11:13 / 01.05.2023
10352
2 дақиқада ўқилади

ISW: Пригожин Бахмутдаги Россия позицияларининг заифлигидан хавотирда

"Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг ХҲК жангчилари Бахмутдан олиб чиқилиши мумкинлиги ҳақидаги даъволари Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлган тадбиркор шаҳар орқа қисмидаги рус позицияларининг заифлигидан хавотирда эканини кўрсатиши мумкин, деб ёзади Америка урушни ўрганиш институти (ISW) янги шарҳида. 

Фото: Reuters

28 апрел куни россиялик уруш тарафдори бўлган блогерга берган интервюсида Пригожин ўқ-дорилар йўқлигидан афсусда эканини билдирган

"Агар ўқ-дорилар тақчиллиги тўлдирилмаса, биз ё уюшқоқлик билан чиқиб кетишга ёки ҳалок бўлиш учун қолишга мажбур бўламиз. Катта эҳтимол билан бу ҳудуддан бўлинмаларнинг бир қисмини олиб чиқишга мажбур бўламиз", - деди тадбиркор. 

Бундан ташқари, "Вагнер" гуруҳи асосчиси Кремлни Украина шарқида мудофаага ўтишга ишонтириш бўйича уринишларини давом эттиряпти, дейди ISW таҳлилчилари.

Жангчилари Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрида кўп ойлардан бери украиналик аскарларга қарши жанг олиб бораётган "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) раҳбари Евгений Пригожин яқинда ХҲК ўз фаолиятини тўхтатиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирди. "Бугун биз "Вагнер" ХҲК қисқа вақт ичида ўз фаолиятини тўхтатади, деган хулосага келяпмиз", деди у россиялик блогер Семён Пегов билан 28 апрел куни кечқурун ижтимоий тармоқларда чоп этилган интервюсида.

"Биз тарихда қоламиз. Ҳечқиси йўқ, шундай бўлади", - деди Пригожин. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоклипдан маълум бўлишича, ХҲК раҳбари ўз шахсий армиясининг тугатилишини Россия Мудофаа вазирлиги ёлланма аскарларга ўқ-дорилар етказиб бермаётгани билан боғлади.

Бу Пригожиннинг “снаряд очлиги” ҳақида шикоят қилиши ва Россия ҳарбий раҳбариятининг алоҳида аъзоларини “мамлакат манфаатларига хиёнат қилишда” айблаши бўйича биринчи ҳолат эмас. Айни пайтда у қачон баёнот бергани номаълум. Унинг ўзи ҳам ҳозирча ОАВнинг айтилганларга изоҳ бериш ҳақидаги сўровларига жавоб бермади.

Мавзуга оид