Тошкентга олиб келинган янги автобуслардан иккитасининг том қисми ажралиб тушди
Юнусобод туманида ҳаракатланиш учун қўйилган 2 та янги “гармошка”ларнинг том қисми автобусдан ажралиб тушгани ва битта енгил автомобилни зарарлагани акс этган видеоёзувлар тарқалмоқда.
1 май куни тармоқларда Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида King Long русумли 18 метрли автобуснинг томидаги қопқоғи тушиб кетгани акс этган видео тарқалди.
Хабарларга кўра, 24-йўналишда юрадиган “гармошка”ларнинг бири кўча бўйлаб ҳаракатланаётганда дарахт шохига бориб урилган, оқибатда автобуснинг том қисми ажралиб, газбаллонларни ёпиб турган блокнинг корпуси осилиб қолган.
26 апрел куни худди шу туманда юқоридагига ўхшаш ҳолат 93-йўналишдаги “гармошка” билан содир бўлгани айтилмоқда. Унда ҳам автобуснинг том қисми ажралиб, ерда ётганини кўриш мумкин. Видеода битта енгил автомобил зарар кўргани акс этган.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги, вазирликнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси ва “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг расмий саҳифаларида изоҳ берилмаган.
Kun.uz мухбири бу бўйича “Тошшаҳартрансхизмат”АЖ матбуот хизмати билан ҳам боғланишга уринди, аммо алоқага чиқишнинг иложи бўлмади.
Эслатиб ўтамиз, 26 март куни пойтахтга Хитойда ишлаб чиқарилган Yutong ҳамда King Long русумли автобуслар олиб келинганди. 8 апрел куни электробуслардан ташқари, табиий газда ишлайдиган ўта катта сиғимли “гармошка”ларнинг ҳам тақдимоти ўтказилганди.
Унда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам қатнашиб, Хитойнинг King Long ва Yutong брендларидан сотиб олинаётган 12 метрли 300 та электробус, 12 метрли 500 та табиий газда юрадиган автобус ва 18 метрли 200 та табиий газда юрадиган автобус – жами мингта транспорт воситасининг умумий нархи – 210 млн доллар эканини айтганди.
Мавзуга оид
15:51 / 07.11.2024
Шаҳарлараро автобус йўналишларида зарарни қоплаб бериш режалаштирилмоқда
13:06 / 06.11.2024
Тошкентдаги автобусга номаълум шахслар салон аёл ва эркаклар учун ажратилгани ҳақидаги постерни ёпиштириб кетди
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
09:55 / 15.10.2024