Душанбага ўтар кечаси Россия кучлари яна бир бор Украина ҳудудларига ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина қуролли кучларига кўра, жами 18 та ракета учирилган, украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари шундан 15 тасини уриб туширган. Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими барча ҳужумларни қайтарган, аммо Днипропетровск областида ракета зарбаси туфайли ўнлаб кишилар жароҳатланган.

Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний соат 02:30 да россияликлар Украина ҳудудигга стратегик авиациядан зарбалар йўллагани ҳақида ёзди - Оленегорск райони (Мурманск области) да Ту-95 тўққизта, Каспий денгизи ҳудудидаги Ту-160 иккита ракета учирган.

Унинг сўзларига кўра, самолётлардан жами 18 та Х-101/Х-555 русумли қанотли ракеталар йўлланган, украин ҳарбийлари эса уларнинг 15 тасини йўқ қилган.

Украина ҳудудида уч соат давомида ҳаво тревогаси амалда бўлди.

Павлоградда ракета зарбаси оқибатлари

Энг жиддий вайронгарчиликлар Днипропетровск областининг Павлоград шаҳрида кузатилди - мамлакат шарқидаги бу шаҳар фронт чизиғига 100 км масофада жойлашган.

Ярим тунда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ёрқин чақнаш ва портлашларни кўриш мумкин. Россиядаги айрим телеграм-каналлар шунга кўра украинларнинг ўқ-дори омбори зарбага учраганини тахмин қилган.

«Душман ракеталар билан ҳужум қилди. Улардан еттитаси «Восток» ҳаво қўмондонлиги ҳарбийлари томонидан уриб туширилди. Аммо нишонга текканлари ҳам бўлди», дея ёзган тунда Днипропетровск области раҳбари Сергей Лисак ўз телеграм-каналида.

Лисак шаҳардаги саноат корхоналаридан бирида ёнғин бошлангани, ёнғин тез орада ўчирилгани ҳақида хабар қилган. Маъмурият раҳбари «аҳоли яшаш ҳудудида 19 та кўп қаватли уй, 25 та хусусий уй, олтита мактаб ва боғча бинолари, бешта дўкон шикастлангани»ни қўшимча қилган.

SERGEI LISAK/ UKRAINIAN AUTHORITIES

Лисакнинг сўзларига кўра, Павлоградда ракета зарбаси оқибатида 34 киши, жумладан уч бола ҳам (энг кичиги саккиз ёшли қизча) турли даражада тан жароҳатлари олган. Лисакнинг маълумотига кўра, 45 ва 55 ёшлардаги икки аёл жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Киевга ҳужум