00:36 / 03.05.2023
14181

Шавкат Мирзиёев Олаф Шольц билан музокаралар ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германияга ташрифи ушбу мамлакат федерал канцлери Олаф Шольц билан музокаралардан бошланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида давлат раҳбари Германия канцлерига самимий қабул учун миннатдорлик билдирди

Ташриф доирасида ўтган қўшма бизнес-форум юксак баҳоланди. Унинг якунида умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, инвестициявий ва технологик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Германия компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида KfW, Deutsche Bank банклари ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан кенг кўламли шерикликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишини ҳамда Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имкон қадар тез имзолашини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилди. Сиёсий мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Томонлар ташриф чоғида Кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида Ҳукуматлараро декларация имзоланишини олқишладилар.

Олаф Шольц Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш, интеграцияни чуқурлаштириш бўйича янги минтақавий сиёсатини қўллаб-қувватлади. "Германия - Марказий Осиё" форматида мулоқот майдонини ишга туширишга аҳдлашиб олинди.

Минтақада, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни инобатга олган ҳолда хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу мамлакат учун ҳуманитар лойиҳаларни давом эттириш, шу жумладан Термиздаги логистика мажмуаси ва Афғон ёшлари учун таълим маркази имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Транспорт в логистикани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишни шакллантиришга хизмат қилувчи Транскаспий йўлагини биргаликда ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирдилар.

Маданий-ҳуманитар ҳамкорликнинг кун тартиби бой экани мамнуният билан қайд этилди. Германия томони шу кунларда Берлин шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишлаб очилаётган ноёб кўргазмани юқори баҳолади.

Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди. Германия ҳукумати мамлакатимиз ҳудудларида немис тилини ўқитишни кенгайтиришга техник кўмак кўрсатиши тўғрисида келишиб олинди.

Умуман, ташриф доирасида иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновация соҳаларида 16 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди.

Учрашув якунида давлат раҳбари Германия федерал канцлери Олаф Шольцни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Top