17:47 / 05.05.2023
5527

Берлинда 8-9 май кунлари Россия ва Украина байроқларини намойиш қилиш тақиқланди

Фото: AP

Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 78 йиллиги муносабати билан Германия пойтахтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Россиянинг Украинага қарши урушини оқлаш сифатида баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг олдини олади.

Берлин расмийлари Ғарб давлатларида 8 май куни нишонланадиган Европада Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 78 йиллиги ва Россияда 9 май – Ғалаба куни муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган провокацияларнинг олдини олиш ниятида. Германия пойтахтидаги совет ҳарбий ёдгорликлари ҳимоя остида бўлади, деб хабар қилди Берлин полицияси 5 май, жума куни.

Шу билан бирга, Россиянинг Украинага қарши урушини маъқуллаш сифатида қабул қилинадиган ҳар қандай ҳаракатлар бостирилади. Бир йилдан ортиқ давом этаётган уруш демократик мунозаралар доирасидан чиқмаслиги ва низо ёки тўқнашувларга олиб келмаслиги керак, дея таъкидлади полиция.

Мемориал мажмуалар ва ёдгорликлар ҳудудида 8 ва 9 май кунлари Россия ва Украина байроқларини, Георгий ленталарини, ҳарбий кийимларни ёки уларнинг элементларини намойиш қилиш тақиқланади. Бундан ташқари, машқлар ёки ҳарбий қўшиқларни ижро этиш ман қилинади. Тақиқ, шунингдек, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Украинадаги урушни оқлаш ёки мақташ деб қабул қилиниши мумкин бўлган ҳар қандай шиорларни ўз ичига олади, дея тушунтирди Берлин расмийлари.

Шунга ўхшаш чоралар 2022 йилда ҳам қўлланилган. Қарор Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва дипломатларга тааллуқли эмас. Шу билан бирга, чекловлар ёдгорликлардан ташқарида жойлашган ҳудудларга тааллуқли эмас: у ерда йиғилишлар эркинлиги тўғрисидаги Берлин қонунининг қоидалари қўлланилади.

2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг, Германияда Европани нацизмдан озод қилишда ҳалок бўлган совет ҳарбий хизматчиларига бағишланган бир нечта ёдгорлик жойлари таҳқирланди.

Top