Спорт | 16:27 / 05.05.2023
26056
10 дақиқада ўқилади

Неаполда — чемпионлик оқшоми. Аср бошида клуб йўқ бўлиб кетиши мумкин эди

«Наполи» 33 йиллик танаффусдан кейин яна Италия чемпионига айланди.

Тарихдаги учинчи скудетто

Ҳозир Неапол — ер юзидаги энг бахтиёр замин ва у ерда пайдо бўлиш — бутун умрга татийдиган таассуротлар қолдиради. «Наполи»нинг «Удинезе» билан ўйиндаги дурангидан кейин Европанинг энг жўшқин шаҳарларидан бирида жуда узоқ давом этадиган дабдабали оқшомлар старт олди.

Фабио Капелло қачондир шундай деганди: «Рома» билан скудеттони қўлга киритсанг, Рим буни бир йил давомида байрам қилади; «Милан» билан эса байрамлар бир ҳафтага чўзилади; «Ювентус» билан скудеттодан кейинги куни офисда одатий иш кунида бундан кейин нима қилиш ҳақида сўралади. Бу клублар ва улар шарафини ҳимоя қиладиган шаҳарлар менталитетини яққол намоён этувчи ҳикоя. Шундай экан, Неаполда байрамлар қанчалик узоқ ва қанчалик шовқин-сурон билан давом этишини фақат тасаввур қилиш мумкин.

Чемпионлик ҳал бўлган куни «Наполи» меҳмонда ўйнаганига қарамай, мухлислар уй стадионида ҳам чипта сотиб олиб, трибуналарни тўлдиришди. Монитор орқали кўрилган Осимҳеннинг голини мана шундай нишонлашди.

Ғалабанинг отаси кўп бўлади. Бу сийқаси чиққан ибора, аммо бундан аниқроқ ифодалайдиган сўзлар йўқ. Баъзида жамоалар фақат бир мавсум порлайди ва кейин яна натижалари пасайиб кетади, лекин неаполликлар билан рўй бермаслиги тайин, чунки «Наполи»нинг чемпионлиги — якка қаҳрамоннинг ғалабаси эмаслиги аниқ. Бу Диего Марадона давридагидан бутунлай бошқача ҳикоя.

Аммо агар кимнидир ажратиб кўрсатиш керак бўлса, бу биринчи навбатда «Наполи» президенти Аурелио Де Лаурентисдир. Бу барчасини ўзгартирган инсон. 2004 йил 22 июни — неаполитанликлар тарихидаги сўнгги кун бўлиб қолиши мумкин эди. Клубнинг ўша вақтдаги президенти Салваторе Налди банкротлик эълон қилади ва бу ўз ўзидан «Наполи»нинг тугатилишига олиб келарди. Шундан кейинги икки ярим ой можаролар, хаос ва мавҳумлик ичида ўтади. Сентябр ойи бошида эса Де Лаурентис 29 миллион евро тўлаб клубни сотиб олади ва бу клуб янги мавсумни С1 сериясидан бошлайди.

Аурелио Де Лаурентис (чапда)
Alessandro Sabattini / Getty Images

Бу Италиянинг шонли тарихга эга ва ном қозонган клубларидан эди. Лекин «Наполи»нинг ҳеч нарсаси қолмаганди. Қарзлар учун мусодара қилинган базалари ҳам, футболчилари ҳам, мураббийи ҳам. Бор нарсаси — шаҳар ва мухлислар севгиси эди.

«Мен бахтиёрман, орзум амалга ошмоқда. Энди вақтни йўқотмасдан, ажойиб жамоа тузиш учун ишга киришиш керак. Беш йилдан кейин Неаполни Европага қайтаришни истайман», — деганди Де Лаурентис ва ўша вазиятда унинг бу сўзлари максимал даражадаги далил ваъда эди.

Аммо у сўзида турди ва графикдан ҳам ўзиб кетди. Уч йилдан кейин, 2007/08 йиллар мавсумида «Наполи» яна А серияда ўйнай бошлади. Чемпионатга қайтилган мавсумида саккизинчи ўрин ва Интертото кубогига йўлланма қўлга киритилди, жамоа бу турнир орқали УЕФА Кубогининг асосий сеткасига ҳам ўтди.

Баъзида Де Лаурентиснинг феъл-атвори оғирлиги ёки шунга ўхшаш муаммолар ҳақида гапириб туришади, аммо статистика бунинг аксини кўрсатади: 2007/08 йиллар мавсумидан буён «Наполи»да саккиз нафар бош мураббий ишлаган — ҳозирги Лучано Спаллетти билан қўшиб ҳисоблаганда. Бу вақтда «Интер»да 14, «Милан»да — 11, «Рома»да — 10 нафар бош мураббий алмашган.

Ва Де Лаурентис бошқаруви даврида «Наполи» бирор марта ҳам молиявий инқирозга яқин келмади (масалан, «Интер» ёки «Милан» билан бўлгани каби) ва молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ можароларга йўлиқмади («Ювентус»дан фарқли ўлароқ). Ҳа, неаполитанликлар босси баъзида кескин ҳаракатлар амалга оширган — масалан, 2020 йил ёзида, ковид мавсумида барча бундан буёғига нима бўлишини билмасдан иккиланиб турган ва кутишга қарор қилганида, у Виктор Осимҳен учун 70 миллион еврони аямади. Аммо якунда бу харид ўзини тўла оқлади — ушбу нигерияликнинг сермаҳсуллигисиз бугунги скудетто бўлмасди.

Кристиан Жунтоли бўлмаганида ҳам. «Наполи» клуби спорт директори 2015 йилдан буён шу лавозимда ишламоқда. У Маурицио Сарри учун ҳам ажойиб жамоа қуриб берганди, аммо ўша таркибга А Серияда чемпион бўлиш учун бироз етмаганди. Ва ҳозирги чемпион жамоани ҳам у йиғди. Айнан Жунтоли «Селта»да Станислав Лоботкани кашф қилди ва «Фулҳэм»дан Андре Замбо-Ангиссани олиб келди, уларсиз ҳозир «Наполи» яримҳимоясини тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан Жунтоли ўтган йил ёзида қайта қуриш олиб борган, Лоренцо Инсинье ва Дрис Мертенс каби фахрий футболчиларни қўйиб юборган, Холид Кулибалини «Челси»га, Фабиан Руисни — «ПСЖ»га сотган. Айнан у кетганлар ўрнига Неаполга Ким Мин Жэ ва Хвича Кварацхелияни олиб келган.

Лучано Спаллетти. Фото: Global Look Press

Албатта, Лучано Спаллеттисиз ҳам ҳеч нарса бўлмасди. Ва энди ўз авлодининг энг яхши мураббийларидан бири ҳақида ҳеч ким «зеро титоли» (нол соврин) ёки Италиядаги «келиннинг дугонаси, лекин ҳеч қачон келин эмас» иборасини қўллай олмайди.

Хвича, Осимҳен, Петр Зелински, Жованни Ди Лоренцо, Алекс Мерет — улар Неапол учун нима кераклигини яхши билишарди ва уларнинг барчаси вазифани уддалашди.

Хвича Кварацхелия ва Виктор Осимҳен «Сассуоло» дарвозасига урилган голни нишонлашмоқда. 2023 йил 17 феврал
Marco Bertorello / AFP / Scanpix / LETA

Бу скудеттога — яна бир неча «йўқ»лар билан ҳам етиб келинди. 2019 йил кузида Златан Ибраҳимович «Наполи»га ўтиш учун жиддий ҳаракат қилганди, у бу ҳақда ўзининг «Адреналин» номли автобиографиясида айтиб ўтган. Жўшқин оломон, Марадона аураси, швециялик футболчи билан «ПСЖ» давридан бери ажойиб муносабатга эга бўлган мураббий Карло Анчелотти. Златан ушбу шаҳарда ўзига яшаш учун жой ҳам танлаганди — Неапол қўлтиғидаги муҳташам яхта. Аммо 2019 йил ноябрида Анчелоттини ишдан бўшатишади ва Ибра қарорини ўзгартириб, «Милан»га йўл олади. Якунда бу барча учун фойдали бўлиб чиқди.

Ўтган йил ёзида эса суперагент Жорже Мендеш ўзининг суперклиенти Криштиану Роналдуни «Наполи»га ўтказмоқчи бўлганди. Португалиялик футболчи ўшандаёқ «МЮ»дан кетишни истаётганди ва Мендеш унинг учун бутун Европа бўйлаб янги жамоа қидиради. Спаллетти дипломатларга хос тарзда йўл тутиб, Роналду билан ишлашни истамайдиган мураббийни билмаслигини айтади, аммо амалий ҳаракатлар бўлмайди, барчаси ўтиб кетгач эса енгил тин олгани аниқ. Қолаверса, Де Лаурентисда ҳам бу ишга аралашмаслик учун донолик ва тажриба етарли бўлиб чиқди. Бунинг ўрнига Неаполга Хвича олиб келинади.

Кимдир барчасини рақиблар кучсиз бўлгани билан боғлаши ҳам мумкин. Чиндан ҳам шимолдаги учта топ-клубнинг барчаси турлича муаммоларга дуч келди ва А Серия ўйинларида имкониятидан пастроқ ўйин кўрсатди. Аммо биринчи навбатда «Наполи» муносиб ўйнади. 31 турдан кейин неаполитанликлар 78 очко жамғаришган. Жамоанинг ўтган мавсум охиригача тўплагани бундан фақат биттага кўп эди - 79 очко. Қуйида олдинги мавсумларда чемпионат етакчилари 31 турдан кейин қанча очко жамғаргани келтирилган  (уларнинг бари якунда скудеттони қўлга киритган):

— 2021/22 йиллар мавсуми, «Милан» — 67;
— 2020/21 йиллар мавсуми, «Интер» — 75;
— 2019/2020 йиллар мавсуми, «Ювентус» — 75;
— 2018/19 йиллар мавсуми, «Ювентус» — 84;
— 2017/18 йиллар мавсуми, «Ювентус» — 81.

Ҳа, «Наполи»нинг кўрсаткичлари рекорд даражада эмас, «Ювентус» ўзининг тотал устунлиги даври охирига келиб ҳам бундан кўпроқ очко тўпларди, аммо кўриниб турибдики, Спаллетти жамоаси, умуман олганда, чемпионлик графигида ҳаракат қилди. Бошқа сўз билан айтганда, чемпионлик рақиблар кучсиз бўлгани учун  эмас, жамоа кучли бўлгани учун қўлга киритилди.

Чемпионлик оқшомидан кейинги давр айниқса Неаполда оғирроқ кечиши мумкин. Аммо бу эртанги кун масаласи. Ҳозирги эса «Наполи» ва шаҳар байрамни яхши нишонлаши керак.

Чемпионликни нишонлашга киришган «Наполи» футболчилари

Марадона акс этган мурал олдидаги мухлислар
Salvatore Laporta / Kontoralab / LightRocket / Getty Images

 

Мавзуга оид