ИТАЛИЯ: Ким чемпион?
Италияда чемпион номидан тортиб, еврокубокларда қатнашадиган ўринлар, лигани тарк этадиган жамоалар ҳам ҳали аниқ эмас. Ҳаммаси бугун бошланадиган сўнгги турда ҳал бўлади.
23 май. Комо – ИНТЕР, НАПОЛИ – Кальяри. Ўйинлар вақти 23:45
37-турдан сўнг “Наполи” 79 очко билан пешқадамлик қилаётган бўлса, “Интер” ҳисобида 78 очко бор. Демак ўз майдонида “Кальяри” устидан ғалаба қозонса, Антонио Конте шогирдлари ўз тарихида тўртинчи, сўнгги уч йилда эса иккинчи марта Италия чемпионига айланишади. “Интер” Комодаги қийин ўйинда ғалаба қозониши ва “Наполи”нинг очко йўқотишидан умид қилишига тўғри келади.
Мавсум якуни бўйича очколар тенг бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам кичик бўлса-да бор. Бунинг учун “Наполи” ютқазиб, “Интер” дуранг ўйнаши керак бўлади. У ҳолда чемпионлик учун алоҳида “Олтин учрашув” ташкил қилиниши кўзда тутилган. Ўйин бошқа кўрсаткичлар бўйича яхшироқ бўлган жамоа майдонида бўлади. “Интер” ва “Наполи” ўртасидаги иккала ўйин ҳам дуранг бўлгани сабабли, тўплар нисбати бўйича яхшироқ бўлган “Интер” майдонида.
Яна бир қизиқ факт. Ким чемпион бўлишидан қатъи назар ўша жамоа бош мураббийи буни захира ўриндиғидан туриб кузата олмайди. Индзаги ҳам, Конте ҳам 37-турда ҳакамлар томонидан майдондан четлатилишган ва бу турга дисквалификацияга эгалар.
ИТАЛИЯ: Лигани ким тарк этади?
Қизиғи, бу томонда ҳам бошқача “олтин учрашув”, аниқроғи, плей-офф ташкил қилиниши мумкин. Регламент бўйича агар 17 ва 18 ўриндаги жамоалар бир хил очко тўплашса, бошқа кўрсаткичлардан қатъи назар уй-сафар тизимида икки ўйин ўтказилиб, омадсиз жамоа аниқланиши керак бўлади. Агар биратўла уч жамоа бир хил очкога эга бўлиб қолса, қўшимча кўрсаткичлар (ўзаро ўйинлар, тўплар нисбати ва ҳоказо) бўйича энг яхшиси аниқланиб, қолган икки жамоа ўртасида плей-офф ўтказилади. Қизиғи, ҳар икки вариант эҳтимоли ҳам мавжуд бўлиб, ҳатто биратўла 4 жамоа тенг очко тўплаб қолиши ҳам мумкин.

25 май, якшанба, 23:45.
Аталанта – ПАРМА, ЭМПОЛИ – ВЕРОНА, Лацио – ЛЕЧЧЕ, ВЕНЕЦИЯ – Ювентус.
Мана шу 4 ўйинда қатнашадиган беш жамоадан иккитаси лигадан тушиб кетиши керак. Мисол учун агар “Эмполи” “Верона” устидан ғалаба қозониб, “Лечче” “Лацио”ни ютадиган бўлса, ҳамда “Парма” “Аталанта” билан дуранг ўйнаса, биратўла 4 жамоада бир хил – 34 тадан очко бўлиб қолади ва юқорида тилга олинган вариант юзага келиши мумкин.









