Ўзбекистон | 12:17 / 09.05.2023
7295
2 дақиқада ўқилади

Франция Самарқанд ва Қашқадарёда қуёш фотоэлектр станциялари қурилишига қизиқиш билдирмоқда

Фото: Дунё

Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Франция ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегати Оливье Бешт бошчилигидаги делегация аъзолари ва энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасида ҳозирги кунда ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди.

Voltalia компанияси томонидан Хоразм вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлиб, ҳозирда молиявий якунланиш чоралари кўрилаётгани  қайд этилди. Шунингдек, компания томонидан ҳамкорлик алоқаларини бошқа йўналишларда ҳам кенгайтириш юзасидан амалий ишлар олиб борилаётгани билдирилди.

Total Eren компанияси томонидан 2022 йил май ойида Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси муваффақиятли ишга туширилганлиги учун мазкур станциянинг қувватини яна 100 МВтга ошириш масаласи кўриб чиқилди. Бундан ташқари, компания Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳар бирининг қуввати 450 МВтдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилишига қизиқиш билдирмоқда.

Учрашувда, шунингдек, EDF компанияси билан ҳамкорликда Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида иссиқлик электр станцияларини қуриш лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш чоралари масалалари кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида Bureau Veritas ва Technip компаниялари билан илмий-тадқиқот ва муҳандислик йўналишларида ҳамкорлик ва Aksens компанияси билан биргаликда мамлакатда катализаторларни ишлаб чиқариш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид