Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш, айниқса, хорижлик овчилар томонидан овлаш охирги вақтларда сезиларли кўпайган. Масалан, яқинда россиялик овчи Сергей Мазуркевич 1 бош морхўр ва Бухоро қўйини овлагани ўзбек аудиториясида етарлича норозилик келтириб чиқарди. Шунга ўхшаш воқеа 2021 йилда бошқа бир рус овчиси билан ҳам бўлганди. Ўшанда Евгений Широков 2 дона қўнғир айиқни отишга рухсатнома олиб, битта айиқни отгач жамоатчиликда кескин резонанс кўтарилганди. Натижада овчидан иккинчи қўнғир айиқни овлашга берилган рухсатнома қайтариб олинганди. Умуман ёввойи ҳайвонларни овлашга рухсатнома олиш нимани англатади?
Ҳайвонларни овлашга рухсатнома олиш
Қонунчиликка кўра, ёввойи жониворларни овлаш учун махсус рухсатнома олиш талаб қилинади. Уни Табиат ресурслари вазирлиги овчига ҳар бир ҳайвон учун алоҳида беради. ЎзФА қошидаги Зоология институти эса ҳар йили ёки чоракда жониворлар яшаш ҳудуди ва популяциясини ўрганиб, бир йилда қайси турдаги жонивордан нечта овлаш мумкинлиги ҳақида ўз хулосаси ва квотасини тасдиқлайди. Вазирлик рухсатнома бераётганда шу хулосадан фойдаланади.
Kun.uz ҳам айнан рус овчилари отган морхўр ва Бухоро қўйига белгиланган квота ҳақида вазирликка сўров юборганди. Тақдим этилган маълумотга кўра, ЎзФАнинг 2022 йил 5 декабрдаги хулосасида 8 бош (4та овлашга, 4та кўпайтиришга) бурама шохли эчки (морхўр) ва 4 бош Бухоро тоғ қўйи (Уриал)га квота ажратилган.
Шу ўринда муҳим маълумотни айтиб ўтиш керак: бу 2 жонивор Ўзбекистонда у қадар кўп эмас. Зоология институти раҳбари Бахтиёр Холматовнинг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, Ўзбекистонда яшаётган морхўрларнинг умумий сони 750дан ортиқни, Бухоро тоғ қўйи эса 150 донани ташкил қилиб турибди.















