Тошкентда ўтказилган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг охирги кунида Ўзбекистон бокс жамоаси яна 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди. 

Дастлаб Ойбек Жўраев (-54 кг) чемпионлик учун рингга кўтарилди. Аммо у қозоғистонлик Маҳмуд Сабирхан билан жангда ютқазди ва кумуш медал билан кифояланди.

Абдумалик Халоков (-57 кг) эса финалда кубалик Сиедел Хорта устидан ғалаба қозонди ва олтин медалга эга чиқди. У 2 йил муқаддам Сербияда ўтган дунё биринчилигида кумуш медални қўлга киритганди.

Тошкентдаги жаҳон чемпионатида дебют қилган Руслан Абдуллаев (-63,5 кг) ҳам мусобақани олтин медал билан якунлади. У финалда мўғулистонлик Чинзориг Батарсухдан устун келди.

Саиджамшид Жафаров (-71 кг) эса кутилмаганда финал жангида ютқазиб қўйди. Қозоғистонлик Асланбек Шимбергеновга қарши жангда унга тажриба етишмади ва у ҳам кумуш медал билан кифояланди.

13 май кунги финал баҳсларида қатнашган ўзбекистонлик уч бокчси – Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-67 кг), Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг) ва Баҳодир Жалолов (+92 кг) ўз жангларида ғалаба қозонишганди. Яримфинал баҳсларида ютқазган Аълохон Абдуллаев (-75 кг) ва Лазизбек Мулложонов (-92 кг) жамоа ҳисобига биттадан бронза медалларни тақдим этишганди.

4 нафар боксчи Шодиёр Мелиқўзиев (-48 кг), Мужибилло Турсунов (-60 кг), Жасур Йўлдошев (-80 кг) ва Шоҳжаҳон Абдуллаев (-86 кг) мусобақани медалсиз якунлашди.

Маълумот учун, турнир чемпионлари – 200 минг, кумуш медал соҳиблари – 100 минг, бронза эгалари – 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланишди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоаси турнирда 5 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза – жами 9 та медал олиб, медаллар сони бўйича ҳам, сифати бўйича ҳам биринчи бўлди. Қозоғистон 4 та олтин ва 1 та кумуш медал билан иккинчи ўринда қолди.

Шунингдек, Ўзбекистон жамоаси жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини янгилади. Go Sport маълумотига