Энергетика вазирлиги давлат ташкилотлари ва ижтимоий объектларга қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ўтказилган тендер натижаларини бекор қилди.

Вазирлик қарийб 2 триллион сўмлик тендерни 2023 йил март ойида эълон қилган эди. Савдолар 6 та лотга бўлинган ҳолда ўтказилган, шулардан 4 тасида Virtec Power, 2 тасида Cifra B компаниялари ғолиб деб топилган.

Тендерни янги очилган “Яшил энергия” МЧЖ ўтказган. Танлов комиссиясига энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов раислик қилган.

Савдоларда “Virtec Power” МЧЖ 10 та ҳудуддаги давлат ва ижтимоий объектлар учун қуёш панеллари етказиб бериш бўйича жами 1 трлн 148 млрд сўмлик буюртмани қўлга киритган:

  • Тошкент шаҳри учун – 323 млрд сўм;
  • Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Чилонзор тумани учун – 275,8 млрд сўм;
  • Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари учун – 272,6 млрд сўм;
  • Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари учун – 276,4 млрд сўм.

Virtec Power'нинг 17,60 фоиз улуши “Virtec” МЧЖʼга, 52,30 фоизи Абидова Гўзал Рихсибаевнага ва 30,10 фоизи эса Аббосов Диёр Нозимовичга тегишли. Жамият 1999 йилда таъсис этилган.

Тендерда ютган иккинчи компания Cifra B эса қуёш панеллари бўйича 729 млрд сўмлик шартномаларни қўлга киритган:

  • Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Мирзо Улуғбек тумани учун – 390 млрд сўм;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Олмазор тумани учун – 339 млрд сўм.

2019 йилда ташкил этилган “Cifra B” МЧЖга Омонов Илҳомжон Омонович (50%) ва Жамолдинов Мирзоҳид Маруфжонович (50%) эгалик қилади