Жамият | 12:13 / 18.05.2023
34350
3 дақиқада ўқилади

Юнусободда можаро: аҳоли ва номаълум қурувчи ўртасида кескин зиддият юзага келди

Маҳалла ҳудудини янги қурилишдан ҳимоя қилмоқчи бўлган аҳоли ҳамда қурилиш фирмаси ишчилари ўртасида жанжал келиб чиқди. Вазиятга ИИБ ходимлари аралашган.

Ҳолат кеча, 17 май куни содир бўлган. Туманнинг 8-мавзеси ҳудудида номаълум қурилиш фирмаси кўп қаватли уй қуриш мақсадида ҳудуддаги автотураргоҳни ўраб ола бошлаган. Маҳалла аҳолиси эса бунга кескин қаршилик кўрсатган: қурилиш фирмасига тегишли техника йўлини тўсишган, ўрнатилган тўсиқларни олиб ташлашган. Оқибатда фирма ишчилари ва аҳоли ўртасида зиддият келиб чиққан.

8 майдан бери ҳар куни шу аҳвол, ҳужжати йўқ бўлса-да, қурилиш ишларини бошлаб юборишмоқчи. Ҳаттоки, спортчи йигитларни жалб қилиб, аҳолини қўрқитмоқчи бўлишяпти, аёлларга қўл кўтаришгача боришди. Вазият анча жиддий, 5-6 марта ИИБга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Ҳолат яна такрорланяпти.

Ўзи маҳаллада машина кўп, кечки пайт юриб бўлмайди ҳатто. Фақат шу автотураргоҳимиз бор, уни ҳам бузиб, ўрнига “дом” қуришмоқчи. Кейин аҳоли машинасини қаерга қўяди?” — дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган аҳоли вакилларидан бири.

Яна бир фуқаро эса қурилиш фирмасининг бу ҳаракатини президент сайлови олдидан саботаж, дея баҳолаган. Воқеа жойига ИИБ ходимлари етиб келган.

Мазкур масала юзасидан олдинроқ Юнусобод тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари ҳам ҳудудга келиб, аҳоли билан учрашган.

Ҳеч бирингизда шубҳа бўлмасинки, қонун устуворлиги таъминланади. Кимдир ўзбошимчалик билан келиб, менинг қўлимда қарорим бор, қураман демайди, унақа нарса йўқ. Тегишли ташкилотлар қурувчининг қўлидаги ҳужжатларни ўрганиб чиққач, тегишли хулоса берилади. Қолаверса, ҳудуд аҳолисининг розилигисиз бирор қурилиш бўлмайди. Шунинг учун хавотирга ўрин йўқ”, — дея таъкидлаган ҳоким ўринбосари.

Бироқ маҳалла аҳолиси қурилишни бошлашга ҳаракат тўхтамаганини, аксинча қурилиш фирмаси ва фуқаролар ўртасида зиддият кучайиб бораётганини маълум қилишмоқда.

Маълумот учун, президент 8 феврал куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманига ташрифи чоғида яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилиб, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинишини таъкидлаганди.

Шаҳар ҳокими алмашиши ортидан аҳолининг янги қурилишларга нисбатан норозилиги маълум муддат тинчиб қолганди. Аммо кейинги кунларда ушбу норозилик яна аста бўй чўза бошлади: таҳририятга Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида, аҳоли гавжум жойларда бўш ерлар тўсиқлар билан ўраб олинаётгани ва қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда. 

Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан пойтахт ҳокимлиги ва бошқа масъул идоралардан изоҳ кутиб қолади.

Мавзуга оид