19 май куни жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судида 2022 йилнинг 30 ноябрь куни профилактика инспекторининг ўлимига сабабчи бўлган эркакка ҳукм ўқилди.
Фожиа Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида содир бўлгани ҳақида аввал хабар бергандик. 1992 йилда туғилган судланувчи шаръий никоҳида бўлган аёлни кечаси 00:50 лар атрофида ҳудуд профилактика инспектори бошқарувида бўлган Lacetti русумли автомобилда ўтирган жойида ушлаб олади.
Бироқ Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тарқатилган расмий хабарларда ҳодиса ички ишлар ходими хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлгани, тезкор чақирув бўйича тумандаги Ғалаба маҳалласига етиб борганда муқаддам судланган 30 яшар эркак ходимнинг ҳаётига тажовуз қилгани айтилганди.
Судланувчи судда ушбу хабарларни рад этиб, воқеа мутлақо бошқача шаклда рўй берганини таъкидлаган.
“Lacetti аёлимнинг маҳалласига кириб кетяпти. Аёлим чиқиб машинага ўтириб кетяпти. Мен [машинада] уларнинг орасидан боряпман ва кузатяпман. Кейин анави болага машинадан туш деб айтдим. У “Сен кимсан?” деб сўради. “Эриман”, деб жавоб бердим.
Бир-биримиз билан сўкишяпмиз, бу гапларни ҳазм қилиб бўлмади. Қоним қайнаб қўлимдаги пичоқ билан унинг сонига битта тиқдим. Бақир-чақир бўлиб кетди. Пичоқни суғуриб олдим-да кетдим.
Интернетда аёли билан уришиб қолибди, шунда хотини “02” қилибди, у [яъни профилактика инспектори назарда тутилмоқда – таҳр.] келибди ва пичоқлаб қўйибди деган ёлғон хабарлар тарқаляпти менга нисбатан. Иккинчи пичоқни мен урмадим. Ҳеч қачон қарсак бир қўлдан чиқмайди. Мен ҳозир у оқ, бу қора ёки унда айб, бунда айб демоқчимасман. Бу кўзини қисибди, у ипини узибди. Мен бу ерда ҳозир ҳақиқий қурбонман”, дея судда кўрсатма берган судланувчи.
2022 йил 1 декабр куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ мулозими, полковник Ҳамза Махсумов судланувчининг аёли профилактика инспектори катта лейтенант Н.Бобомуротовга қўнғироқ қилиб, эрим менга тазйиқ ўтказяпти, ўлдираман деб айтяпти деб қўнғироқ қилади. Чақирув бўйича борган ИИБ ходими машинада ўтирган вақтда аёлнинг эри томонидан пичоқланиши натижасида вафот этган.
















