Беш йил аввал Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчасидаги уйларда истиқомат қилиб келган бир гуруҳ фуқаролардан яшаб турган уйларини бўшатиб қўйиш талаб қилинган. Асос сифатида ушбу ҳудуд давлат эҳтиёжи учун олинаётгани, бу жойларда йирик лойиҳа амалга оширилиши айтилган. Яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 июндаги “2017-2019-йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур ҳудудда “Samarqand city” туризм зонаси қурилиши режалаштирилган.

Табиийки, бундай катта, дабдабали лойиҳага фуқаролар ҳеч қачон қарши боролмайди. Яшаб турган уйи, мулкини ташлаб, давлат билан келишишга мажбур бўлишади. Ва шундай бўлди ҳам.

Бироқ Kun.uz’га қилинган мурожаатга кўра, ҳудуддаги иккита икки қаватли уйларда яшаб келганлар бирин-кетин хонадонларидан чиқарилган. Фуқаролар билан алоҳида-алоҳида келишувлар бўлган. Буни қарангки, маълум муддат ўтгач, лойиҳа ўзгарган. Бу вақт ичида хонадонини бўшатиб қўйган фуқароларнинг мулки аллақачон бузиб бошланганди. Мана, беш йил ўтибдики, хонадонларни бўшатиб улгурмаганлар билан ҳеч ким ҳисоблашмаяпти. Инфратузилма, хавфсизлик унутилган бу ҳудудда улар ибтидоий яшашга мажбур бўлмоқда.

Ислом Исмоиловнинг айтишича, бузилишга қадар подъездда бешта оила яшаб келган. Ҳозир бутун бошли подъездда фақат унинг оиласи истиқомат қилади. Кўчиб кетганларнинг уйлари бузиб олинган, эшик-деразалар йўқ. Уй жуда хунук манзара касб этган. 

Харобадан чиқиб кетишга улгурмаганлар бугун уяляпти. На меҳмон чақириш, на яшаш мумкин. Хонадон эгаларига ҳар томонлама хавф ортиб бормоқда. Дайдилар, маст-аластлар ташлаб кетилган уйларни макон тутишяпти. Аслида ушбу ташландиқ бинони уй ҳам деб бўлмайди. Энг қуйидан энг юқорига қадар қилинган мурожаатларга жўяли жавоб берадиган масъулнинг ўзи йўқ.