Жамият | 10:40 / 22.05.2023
17382
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси очилди. Унда Ўзбекистон вакиллари ҳам қатнашмоқда

21 май куни Швейцариянинг Женева шаҳрида 194 мамлакат делегатлари — жами 3 минг нафарга яқин меҳмон жам бўлди. Бу ерда Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг 76-сессияси очилди.

Иштирокчиларнинг асосий қисми — соғлиқни сақлаш вазирлари, етакчи халқаро ташкилотлар, корпорациялар ва жамғармаларнинг вакиллари. Улар сафида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегация ҳам бор.

«Қатнашчи давлатлар географияси ранг-баранг. Кўзланган мақсад эса муштарак — инсоният саломатлигини сақлаш! Йиғилиш кун тартибидан сайёрамиз аҳолиси соғлиғи билан боғлиқ қатор глобал масалалар ўрин олган. 

Хусусан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини ислоҳ қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлиги, сил хасталиги бўйича глобал стратегиялар, фавқулодда вазиятларда кўриладиган чоралар ҳамда соҳадаги илмий тадқиқот ва инновацион ютуқлар муҳокама этилиши белгиланган», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Очилиш маросимида дастлаб сессия президенти, беш нафар вице-президент ва қўмиталар раислари сайлаб олинди. Шундан сўнг йиғилиш кун тартиби тасдиқланди.

Навбатда бир қатор халқаро ташкилотлар масъуллари, соғлиқни сақлаш вазирлари ўз қутлов сўзларини йўллади. 

Сўнг БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг онлайн видеомаърузаси намойиш этилди. Қолаверса, бир қатор ҳукуматлар раҳбарлари ҳам тўғридан тўғри трансляция орқали ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда табрикларини йўллади. 

Шундан кейин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус сўзга чиқиб, сўнгги йилларда инсоният саломатлиги ва ҳаётини жиддий хавф остида қолдирган коронавирус пандемияси, маймун чечаги (mpox), вабо эпидемиялари ҳамда бошқа хасталикларни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталди.

БМТнинг Женевадаги қароргоҳида бўлиб ўтаётган ушбу йиғилишнинг асосий муҳокамалари 30 майгача давом этади.

Шунингдек, сессия доирасида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги режалар бўйича давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган. 

Мавзуга оид