Ҳозирча гап Украина ҳарбийларини қирувчисиз самолётларни бошқаришга ўқитиш ҳақида бормоқда. Улар айнан қандай учоқларда машғулот ўташи ҳам аниқ эмас. Украина дастлаб қирувчи самолётлар сўраганида қатъий рад жавобини олаётганди. Шу сабаб бу мавзуда муҳокамалар бошланганининг ўзи кўп нарсани англатади. Зеленский Ғарбдаги иттифоқчилари билан учрашувларда уларни қирувчи самолётлар урушни тугатиш учун зарурлигига кўндира олган кўринади.

Британия ҳукумати украиналик учувчиларни қирувчи самолётларни бошқаришга ўқитиш бошланишини маълум қилди. Уларнинг баёнотида ҳам қандай турдаги самолётлар ҳақида гап бораётгани айтилмаган.

«Ёзда украиналик учувчиларни ўқитишни бошлаймиз. Аввалига бошланғич тайёргарлик ўталади. Уларга британиялик учувчиларга ўқитиладиган машғулотлар ўтилади. Шу билан бирга, Британия Украина ўзи хоҳлаётган F-16 қирувчиларини олиши учун бошқа давлатлар билан иш олиб боради», дейилади Даунинг-стрит баёнотида.

Британия украиналик учувчиларни айнан F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга тайёрлаши ҳақида айтмаган. Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам мамлакат украиналик учувчиларни ўқитишга тайёрлигини билдирган.

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак нидерландиялик ҳамкасби билан музокара ўтказганидан кейин тарқалган баёнотда шундай хулосага келиш мумкинки, Британия Укриана F-16 олиши учун керагича ҳаракат қилади, лекин украиналик учувчиларни модели айтилмаган самолётларда тайёрлайди.

«Бош вазир Сунак ҳамда бош вазир Рютте Украина ҳарбий қудратини ошириш, учувчиларни тайёрлашдан бошлаб F-16 қирувчи самолётларини сотиб олишгача ёрдам бериш учун халқаро коалиция тузишга келишиб олишди», дейилади баёнотда.

Британия учувчиларни НАТО арсеналида бўлган деярли барча қирувчи самолётларда парвоз қилишга тайёрлай олади. Аммо мутахассислар Британия армиясида F-16 қирувчилари йўқлигига эътибор қаратган.

Америкаликлар гумони

Муаммо шундаки, Украинага F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш учун аввало уларни ишлаб чиқарадиган АҚШ билан келишиш керак. Америкада эса Украинага бундай типдаги қирувчиларни етказиб бериш борасида якдиллик йўқ. Бу ўта жиддий қурол бўлгани боис, уни қайсидир давлатга етказиб бериш масаласини фақат ҳарбийлар эмас, сиёсатчилар ҳам ҳал қилади.

Франция, Британия, Нидерландия каби давлатларнинг баёнотлари улар сиёсий жиҳатдан бу ишга қарши эмаслигидан далолат. Аммо АҚШ томони F-16 борасида аниқ гап айтмаяпти.