Ўзбекистон | 08:55 / 24.05.2023
9501
1 дақиқада ўқилади

1 июндан тиббиёт муассасалари туғилганлик ФҲДЁда қайд этилгани ҳақида QR-маълумотнома беради

2023 йил 1 июндан тиббиёт муассасалари томонидан туғилганлик ФҲДЁ бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида QR-кодли маълумотнома берилади.

Фото: Kun.uz

Ушбу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.

Бола туғилиши билан тиббиёт муассасаси у ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни, жумладан, бола рўйхатга қўйиладиган поликлиника ва ички ишлар бўлими, навбатга қўйиладиган давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳақидаги маълумотларни махсус электрон бланкага киритади ва автоматик равишда ФҲДЁ бўлимига ахборот тизими орқали юборади.

ФҲДЁ бўлими туғилганликни қайд этади ва QR-код (матрик штрихли код) қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборади.

Тиббиёт муассасалари маълумотномани боланинг ота-онасига тақдим этади. 

Оталикни белгилаш ва ёлғиз она аризасига асосан туғилишни қайд этишда ҳамда топиб олинган (ташлаб кетилган) боланинг туғилишини қайд этишда бевосита ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиниши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид