Жаҳон | 07:43 / 24.05.2023
4347
2 дақиқада ўқилади

Болгариялик ёзувчи Букер мукофотига сазовор бўлди

Болгар ёзувчиси Георгий Господинов “Бошпана” романи учун Халқаро Букер мукофотига сазовор бўлди.

Фото: JUSTIN TALLIS / AFP / EastNews

Болгариялик носир ва шоир Георгий Господинов 2023 йилги Халқаро Букер мукофотини “Бошпана” романи учун қўлга киритди, деб хабар беради мукофот сайти 24 май, чоршанба куни.

Болгар тилидаги “Бошпана” романи 2020 йилда чиққан, 2022 йилда эса инглиз тилига таржима қилинган. Асар "Ўтмишнинг қайтиши" даволаш маркази - Алцгеймер касаллиги билан оғриган беморларни даволовчи клиника ҳақида ҳикоя қилади. “Ҳар бир қават ўн йилни батафсил тасвирлаб беради, беморларни вақт бўйича орқага қайтариб, хавфсизроқ ва бахтлироқ лаҳзаларга олиб боради”, — дейилади роман синопсисида.

"Ирония ва ғамгинлик билан тўла ажойиб роман. Бу жуда замонавий саволга бағишланган чуқур асар: хотираларимиз йўқолганда биз билан нима содир бўлади. Георгий Господинов ҳайратланарли даражада индивидуал ва жамоавий тақдирлар билан иш кўра олади ҳамда нозик ва универсал ўртасидаги бу мураккаб мувозанат бизни ишонтирди", деди ҳакамлар ҳайъати раҳбари Лейла Слимани.

Господиновнинг сўзларига кўра, у китобни дунёда популизм авж олган ҳамда “АҚШ ва Европада “буюк ўтмиш” картаси ўйналаётгани” фонида ёзишга қарор қилган. "Мен коммунизм даврида "ёрқин келажак"ни сотган тизимдан келганман. Энди урғу бериладиган нарсалар ўзгарди, популистлар эса "ёрқин ўтмиш"ни сотмоқда. Мен биламанки, иккала ваъда ҳам кафолатланмаган", - дейди ёзувчи. Господинов 1968 йилда Болгарияда туғилган. “Бошпана” - унинг учинчи романи.

Мавзуга оид