Жаҳон | 10:08 / 30.05.2023
26452
2 дақиқада ўқилади

Москвага дронлар ҳужум қилди. Собянин бир неча бино шикастлангани ҳақида хабар берди

Бир неча дрон Москва области ҳудудида уриб туширилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

30 май куни тонгда Москвада дронлар ҳужуми кузатилди. Бу ҳақда пойтахт мэри Сергей Собянин хабар қилган. Унинг сўзларига кўра, бир неча бинолар «арзимас даражада шикастланган». 

«Бугун эрта тонгда учувчисиз учар қурилмалар ҳужуми натижасида бир неча бинолар кичик шикастланишларга учради. Шаҳардаги барча фавқулодда хизматлар воқеа жойида ишламоқда. Улар ҳодиса тафсилотларини ўрганишмоқда. Айни вақтда ҳеч ким жиддий шикастланмаган. Сиздан фақат расмий манбаларга таяниш ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўрайман», — дейилган Москва мэри хабарида. 

Собянин шунингдек дронлар урилишидан шикастланган уйлар аҳолиси фавқулодда хизматлар иши вақтида хавфсизлик нуқтайи назаридан эвакуация қилинганини маълум қилди. Москва мэри айнан қайси уйлар зарбага учраганига аниқлик киритмаган.

РИА Новости фавқулодда хизматлардаги манбасига таяниб хабар беришича, дронлардан бири Профсоюзная кўчаси, 98-уйга келиб урилган. Натижада уйнинг фасад қисми вайрон бўлган, ойналар тўкилиб тушган. 

Иккинчи дрон Новая Москвадаги Атласова кўчасида жойлашган 24 қаватли турар жой биносига зарба берган.

Москва области губернатори Андрей Воробьев Москвага учаётган бир неча дрон уриб туширилганини хабар қилган.

«Бугун тонгда Москва областининг бир қанча районлари аҳолиси портлашлар овозини эшитган бўлиши мумкин — бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз ишламоқда. Москвага учаётган бир қанча учувчисиз учиш қурилмалари уриб туширилди. Аҳолидан хотиржамликни сақлашни сўрайман. Барча фавқулодда хизматлар ишда. Қўшимча маълумот берамиз», деган у.

Мавзуга оид