Жаҳон | 16:47 / 30.05.2023
15435
2 дақиқада ўқилади

Шойгу Киевда яна бир Patriot зенит тизими «урилганини» маълум қилди

Фото: РИА Новости

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу россиялик ҳарбийлар «сўнгги кунларда» Киевда Американинг Patriot зенит-ракета комплексига зарба берганини маълум қилди, деб ёзади РИА «Новости». 

Шойгу селектор йиғилишида, шунингдек, май ойида Украина Қуролли кучлари камида 16 минг киши ва 400 дан ортиқ техникани йўқотганини айтди. Вазирнинг қўшимча қилишича, шу вақт ичида 196 та HIMARS ялпи ўт очиш реактив снарядлар тизими, 16 та HARM ракетаси ва 29 та узоқ масофага мўлжалланган Storm Shadow қанотли ракеталари тутиб олинган ҳамда йўқ қилинган.

Украина расмийлари ҳозирча Шойгунинг баёнотига изоҳ бермаган. 

Россия Мудофаа вазирлиги 16 майга ўтар кечаси биринчи Patriot зенит тизими «Кинжал» ракетаси билан урилганини даъво қилмоқда. Пентагон 18 май куни Россиянинг Киевга ракета ҳужуми пайтида шикастланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таъмирланганини маълум қилди. 

Киев май ойи бошидан бери, шаҳар ҳарбий маъмурияти маълумотларига кўра, 17 марта ҳаво ҳужумига учраган. 

Мавзуга оид