CNN 17 август куни эълон қилган материалида Украинада Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуалари учун ракета-тўсувчилар деярли қолмаганини хабар қилди. Бу ҳақда телеканал журналистларига украиналик расмийлар маълум қилган.

CNN журналистларига Украинадаги Patriot тизимларининг 16 та ракета учириш қурилмаси кўрсатилган. Уларда мунтазам фойдаланилганини кўрсатувчи излар бўлган. Бироқ ушбу мажмуаларга хизмат кўрсатувчи бош муҳандиснинг айтишича, у сўнгги олти ҳафта давомида Patriot тизимларининг бирор марта ишлатилганини кўрмаган.

Бу ҳолат Россия сўнгги ойларда Украинага ҳаво ва ракета зарбаларини кучайтирган бир пайтда кузатилмоқда. Хусусан, Киев ҳам вақти-вақти билан баллистик ракеталар билан нишонга олинмоқда.

5 август куни Киев Россия томонидан учирилган 28 та баллистик ракетанинг бирортасини ҳам уриб тушириш имкони бўлмаганини маълум қилган. Украина томони буни зарур ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етишмаслиги билан изоҳлаган.

Politico баҳосига кўра, танқислик, биринчи навбатда, Patriot тизими учун мўлжалланган PAC-3 ва PAC-2 ракеталарига тааллуқли. Улар Россиянинг юқори тезликдаги баллистик қуролларига қарши Украинанинг энг самарали воситалари қаторига киради.

Украинада қанча Patriot ракетаси қолган?

Украина ҳукумати мамлакат ихтиёрида аниқ қанча Patriot ракета-тўсувчиси қолганини очиқламаяпти.

Президент Володимир Зеленский 13 август куни эълон қилинган CNN билан интервюсида АҚШ захираларидаги Patriot ракеталарининг 5 фоизи Украинага қишдан чиқиб олиш учун етарли бўлишини айтган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, агар АҚШ ўз захираларидаги ракеталарнинг 10 фоизини Украинага сотса, Киев Россиянинг барча баллистик ракеталарини уриб тушириш имкониятига эга бўлади.

«Менда 1 фоиз бор», деган Зеленский.

Украина президенти зарур миқдордаги Patriot ракеталарини олиш учун Киев ихтиёрида бор-йўғи бир неча ой вақт қолганини ҳам таъкидлаган.

Унинг айтишича, Украина 2026 йилда ўтган йилга нисбатан 2,5 баравар кам ракета-тўсувчига эга. Айни пайтда Россия ҳар ой аввалгига нисбатан икки баравардан ҳам кўпроқ баллистик ракета ишлатмоқда.

Эрондаги уруш танқисликни кучайтирган