Европа Иттифоқи Россияни Украинага бостириб киргани учун жазолашга қаратилган санкцияларининг 11-тўпламини эълон қилиш арафасида.

Бу сафар Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон компаниялари ҳам Россияга чекловларни айланиб ўтишда ёрдам берганлик учун қора рўйхатга тушиши мумкин.

Хўш, мавжуд санкцион вазият Ўзбекистон учун қанчалик хавфли? Kun.uz бу борадаги қатор саволлар билан “Centil” адвокатлик фирмаси ҳуқуқшуноси Умид Орифжоновга мурожаат қилди.

Санкциялар Ўзбекистон компанияларига аллақачон етиб келган

— Европа Иттифоқи томонидан тайёрланаётган ва Украина-Россия уруши билан боғлиқ 11-санкциялар пакети борасида гапирсак, ҳуқуқшунос сифатида Қозоғистон ёки Ўзбекистон каби давлатлар бошқа давлатга ёрдам бергани учун санкцияга тушиши мумкин демаган бўлардим. Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон бу низога нисбатан бетараф муносабатда, шу сабабли бирламчи санкциялардан қочишга ёрдам берадиган айрим элементлар ёки тузилмалар иккиламчи санкцияларга тушиши мумкин. Марказий Осиёда жойлашган субъектлар бирламчи санкцияларга дучор бўлмайди.

Асосийси, бу компанияларнинг Россияга молиявий жазони четлаб ўтишга ёрдам бераётган операциялари чекланиши мумкин. Бу ноодатий ёки кутилмаган нарса эмас, деган бўлардим. Аммо Ўзбекистон аллақачон санкцияларга учраганини билишимиз ҳайратли бўлиши мумкин. Биринчи марта ўтган йили июн ёки июлда маҳаллий логистика компанияси қора рўйхатга киритилганига гувоҳ бўлдик. Кейинги иккиламчи санкцияга учраган компания 10 минглаб ўзбекистонликлар ишлайдиган “Оҳангаронцемент” заводи бўлди.

Бу, албатта, заводдаги иш ўринларига таъсир қилади, банк ҳисобрақамлари музлатилади ва ҳоказо. Ўзбекистон Марказий банки OFAC билан бу масалани ҳал қилишда иш олиб бораётганини айтди.

Умид Орифжонов

Европа Иттифоқининг навбатдаги 11-санкциялар пакети узоқ вақтдан бери муҳокама қилиняпти. Албатта, у қабул қилиниши учун иттифоқнинг барча давлатлари бир овоздан рози бўлиши керак. Бу сафарги санкциялар пакети Европа Иттифоқининг Венгрия, Греция каби давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга ҳудудларни қамраб оляпти, шу сабабли улар навбатдаги санкциялар пакетига розилик бермаяпти. Чунки санкциялар Венгрия банкларига, масалан OTP банкка ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу банк Ўзбекистонга кириб келяпти. Европа банки мамлакатимизга кириб келишидан биз манфаатдормиз.