Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтиришдан, энг аввало, барқарор савдо-логистика занжирларини ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишдан манфаатдор. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитидаги нутқида маълум қилди.
“GSP+ тартибининг тақдим этилиши мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларини ташқи савдо фаолиятига жалб қилиш ва шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини оширишда рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилди. Биз ушбу шартларнинг амал қилиш муддатларини янги даврга узайтиришдан манфаатдормиз. Ушбу преференциялар тизимининг минтақадаги барча мамлакатларга татбиқ этилиши иқтисодиётларимизнинг индустриал салоҳияти ва рақобатбардошлиги ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз”, деди Ўзбекистон президенти.
Шу билан бирга, минтақада Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ замонавий лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаш марказлари тармоғини яратиш, Европа бозорларида ишлаши учун экспорт қилувчилар билим ва салоҳиятини ривожлантириш, Европа компанияларининг минтақа мамлакатлари савдо имкониятлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш каби алоҳида масалалар ҳам мавжуд.
“Афсуски, бу масалаларнинг барчаси бўйича ҳанузгача сезиларли натижаларга эришилгани йўқ. Уларни ҳал этиш учун Мамлакатларимиз экспорт ва импорт қилувчи корхоналарини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёни тез фурсатда якунланиши ҳам ушбу вазифанинг ижросига хизмат қилади”, деди у.
Таъкидланишича, Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, “Ўрта маршрут” деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.
“Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа яқинда Самарқандда ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки бошқарувчилари учрашувида пухта таҳлил қилинди. Афсуски, ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмас. Бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак. Бироқ таҳлиллар кўрсатаётганидек, ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол – Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд.
Транспорт-логистика ва порт инфратузилмаларини юклар оқимининг прогноз қилинаётган ўсишига мос равишда кенгайтириш ҳамда йўл қопламасининг техник ҳолатини яхшилаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг доимий, таъсирчан механизмини яратишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу мамлакатларимиз транспорт идоралари ваколатли вакилларининг доимий учрашувларини ўтказиб боришни назарда тутади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

















