Жаҳон | 15:08 / 03.06.2023
10947
2 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари Хитойни Тайванга қарши уруш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Тайван бўғозидаги уруш ҳалокатли оқибатларга олиб келади, деди Ллойд Остин Сингапурдаги «Шангри-Ла мулоқоти» конференциясида.

Фото: Getty Images

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Хитойни Тайванга қарши ҳарбий ҳаракатлардан огоҳлантирди. «Тайван бўғозидаги можаро ҳалокатли оқибатларга олиб келади», деди Пентагон раҳбари 3 июнь, шанба куни Сингапурда ўтаётган «Шангри-Ла мулоқоти» хавфсизлик бўйича Осиё анжуманида. 

Хитой ва Тайван ўртасидаги можаронинг ҳарбий кучайиши глобал иқтисодиётга «биз тасаввур қила олмайдиган даражада таъсир қилади», деди Остин. АҚШ «статус-квонинг бир томонлама ўзгаришини» рад этади, деди у. Шу билан бирга, унинг нуқтайи назари бўйича, бундай зиддият содир бўлмаслиги ҳам мумкин. Вашингтон Тайван бўғозида тинчлик ва хавфсизликни ҳимоя қилишга қатъий қарор қилди, бу жаҳон юк ташиш соҳаси учун жуда муҳим, деди АҚШ вазири.

Остин, шунингдек, муносабатлардаги жуда жиддий совуқлик даврида АҚШ ва Хитой ўртасида алоқа йўқлигидан хавотир билдирди. Очиқ алоқа каналлари, айниқса, ҳарбий ва мудофаа сиёсатини ишлаб чиқувчилар учун муҳим, дея тушунтирди у ва ҳозир мулоқотни бошлаш вақти эканлигини таъкидлади. Кеча Хитойнинг янги мудофаа вазири Ли Шанфу билан бўлиб ўтган қисқа учрашув ҳақида гапирар экан, Остин «кечки овқат пайтида самимий қўл сиқиш фактларни муҳокама қилиш ўрнини боса олмаслигини» таъкидлади.

Сингапурдаги конференция бошланишидан олдин Ли Шанфу яна бир бор Тайвани забт этиш билан таҳдид қилди. У, шунингдек, ушбу форумда Остин билан учрашув ўтказишдан бош тортди. 

Мавзуга оид