Тоғли Қорабоғ – халқаро ҳуқуққа кўра Озарбойжон ҳудуди. Лекин узоқ йиллар мобайнида Арманистоннинг даъвоси билан зиддият ва тўқнашувлар давом этди. 2020 йилда 44 кунлик қонли урушдан кейин ҳарбий жиҳатдан устунликка эришган Озарбойжон амалда ғолибликка эришди.

Дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар Кавказ минтақасини ҳам четлаб ўтмади, Арманистон ҳам можарога нуқта қўймоқчи ва Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди деб тан олиши мумкинлиги ҳақида баёнот берди. Пашиняннинг бу баёноти нимани англатади? Kun.uz журналисти мавзу юзасидан сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— Озарбойжон ва Арманистон келишув остонасида. Бунинг сабаби дунёдаги геосиёсий ва геостратегик вазият билан боғлиқми?

— Бу конфликтни фақат геосиёсат ва геостратегия билан боғлаш нотўғри, чунки унинг турли қирралари мавжуд. Бу можаронинг замири тарихга бориб тақалади, тарихда ҳеч бир миллат бир жойда муқим яшамаган, шунинг учун чегарадош мамлакатларда кўпинча баҳсли ҳудудлар ва аҳоли пунктлари бўлади. Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги асосий баҳсли ҳудуд – бу Тоғли Қорабоғ. Бу ҳудуд ҳатто совет иттифоқи даврида ҳам Озарбойжон ҳудуди ҳисобланган, бироқ у ерда жуда кўп сонли этник арманлар яшаб келган.

Ҳозирги президент Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев Тоғли Қорабоғда азалдан арманлар истиқомат қилганини, аҳолининг қарийб 70 фоизи арманлар эканини тан олган, лекин бу ҳудуд совет иттифоқи даврида ҳам Озарбойжон ҳудуди бўлгани ҳамда иттифоқ парчаланганда ҳам бутун дунё у ерни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олганини айтган. БМТ – дунёдаги энг катта кадастр, унга қўшилаётган мамлакатлар ўз ҳудуд ва чегаралари тўғрисида маълумот беради, бунда Тоғли Қорабоғ Озарбойжоннинг расмий ҳудуди сифатида тан олинган. Совет иттифоқи парчаланганидан кейин Озарбойжон ва Арманистон мазкур ҳудуд учун ўзаро кураш олиб боради ва Арманистон ўзида иккинчи Исроилни кўради. Исроил давлати 1946-47 йилларда Фаластин ҳудудида ташкил топди, кейин эса у Фаластиннинг ҳудудларини ўзлаштиришни бошлади, натижада бугунга келиб, Фаластин деярли йўқ бўлиб кетди. Айнан мана шундай сиёсий лойиҳа Арманистонда ҳам пайдо бўлди, лекин давлатнинг қудратини ички тартиб ва ички ресурслар белгилайди, Арманистонда эса улар йўқ эди.

Шунингдек, ташқи қўллаб-қувватлов ҳам жуда муҳим, масалан, АҚШ Исроилни ташқаридан қўллаб-қувватлайди. Албатта, Франция ёки бошқа мамлакатларда Арманистонни қўллаб-қувватловчилар бор эди, бироқ улар халқаро ҳуқуқни ўз манфаатидан келиб чиқиб талқин қиладиган ёки тўғри келса, уни инкор қиладиган даражада қудратли эмас эди. Озарбойжонда эса, аксинча, у ташқи сиёсатда асосан АҚШ ва Исроилга ориентир олади. Лекин Озарбойжон НАТОга қўшилишни режалаштирмайди ва бу Россияни доим тинчлантириб туради, шунинг учун Кремл Бокуни ўзига душман деб кўрмайди.