Жамият | 08:32 / 04.06.2023
17303
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати

Сирдарё вилоят ИИБ, ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдосига чек қўйилди

Қайд этилишича, фуқаро Ж.М. бошқарувида бўлган Lacetti Сирдарё тумани Деҳқонобод маҳалласи ҳудудига келиб, Жиззах вилояти, Пахтакор туманида яшовчи 24 ёшли С.С билан учрашган ва машинада Мирзаобод туманига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида тўхтатилган.

Автомобил холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, Ж.М.нинг ёнидан 1 дона целлофан пакетга жойлаштирилган 11 дона, автомашинаси кўздан кечирилганда эса 6 дона целлофан пакетчага жойлаштирилган жами 84 дона таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган дори воситалари аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Тезкор тадбир давомида фуқаро С.С. ҳам ушланиб, холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганда, ёнида бўлган сумкаси ичидан 11 дона целлофан пакетларга жойлаштирилган жами 154 дона дори воситалари ва 2,5 миллион сўмдан ортиқ пуллар топилган. 

Олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида, фуқаро Ж.М. ёнидан ҳамда автомашинасидан аниқланган жами 95 дона дори воситаларини фуқаро С.С.дан 2,5 миллион сўмга эвазига сотиб олгани маълум бўлган. Ўз навбатида, фуқаро С.С. мазкур дори воситаларини Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи К.К.дан олиб, унинг Гулистон шаҳар ва Тошкент вилоятидаги дори воситалар истеъмол қилувчи мижозларига сотиб, пулларни етказиб бериш учун олиб келаётгани аниқланган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаро К.К. Пахтакор туманидаги яшаш хонадонида ушланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга оид