Жаҳон | 10:52 / 06.06.2023
18557
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 20 йил СССР ва Россия фойдасига жосуслик қилган собиқ агент вафот этди

АҚШ қамоқхоналари бюроси 20 йил давомида СССР, кейин эса Россия разведка хизматларига маълумотларни узатган собиқ Федерал тергов бюроси агенти Роберт Ҳанссеннинг Колорадо штатидаги қаттиқ режимли қамоқхонада вафот этганини маълум қилди. Собиқ агент 79 ёшда эди. У 2002 йилда жосусликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Роберт Ҳанссен

АҚШ қамоқхоналари бюроси Федерал тергов бюросининг (ФТБ) собиқ агенти Роберт Ҳанссеннинг ўлими ҳақида эълон қилди – у Колорадодаги қаттиқ режимли қамоқхонада ўз камерасида ўлик ҳолда топилди, деб ёзади Reuters бюро баёноти ва ФТБ маълумотларига таяниб.

2002 йилда суд Ҳанссенни СССР ва Россия фойдасига 20 йилдан ортиқ жосуслик қилганликда айбдор деб топди. Қамоқхона ходимлари 5 июнь куни эрталаб 79 ёшли Ҳанссеннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун чора кўришган. Ханссен табиий сабабларга кўра вафот этди, деди Associated Press’га иш билан таниш бўлган шахс. Унга Ҳанссеннинг ўлими тафсилотларини очиқ муҳокама қилиш ҳуқуқи берилмаган ва у AP билан исмини ошкор қилмаслик шартига кўра гаплашган. 

ФТБ маълумотларига кўра, Ҳанссен 1976 йилда бюрога ишга кирган ва 1985 йилда Совет Иттифоқига махфий маълумотларни узатишни бошлаган. ФТБ веб-сайтида айтилишича, 2001 йилда ҳибсга олинишига қадар, у махфий маълумотларни узатганлиги учун 1,4 миллион доллардан ортиқ мукофот олган. 

ФТБ маълумотларига кўра, 2001 йил февраль ойида ҳибсга олинишидан бир неча ҳафта олдин, бюронинг 300 га яқин ходими Ҳанссенни кузатишда қатнашган. Ҳанссен ҳибсга олиш гуруҳи уни Виржиния чеккасидаги паркдаги «туйнук» орқали махфий материалларни ўтказаётганда қўлга олганидан кейин қамалган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид