Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Coca-Cola Uzbekistan ҳамкорлигида Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан экологик тадбирлар ташкил этилди. Ушбу тадбирлар доирасида 4 июнь куни учта замонавий йўналиш: соғлом турмуш тарзи, атроф-муҳитга ғамхўрлик ҳамда айланма иқтисодиёт тамойилларини ўзида мужассам этган югуриш ва чиқиндиларни йиғиш бўйича эко-пойга ташкил этилди.

Тадбир икки ойдан ортиқ вақт давомида пойтахт олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилаётган #PET2NATUREUZ челленжининг навбатдаги босқичи бўлди. Эко-челленж ва plogging давомида йиғилган пластмасса қайта ишлаш ва Қорақалпоғистондаги ёввойи ҳайвонларни суғоришга ишлатиладиган геомембран ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. Ушбу материал чўлдаги ёввойи ҳайвонларга сув ичишларида ёрдам беради. Геомембран Қорақалпоғистондаги қўриқхоналардан бирига 17 июнь куни нишонланадиган Умумжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш кунига қадар ўрнатилади.

Келгусида ушбу тадбирлар Орол денгизининг экологик фалокат зонасидаги табиий муҳитнинг кичик майдонини яхшилайди ва “яшил” технологиялар, табиатдаги сув ресурсларини қайта ишлаш ва қайта тиклашнинг кенг имкониятларини намойиш этади.

Челленжда иштирок этган университетлар ва иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди. Бундан ташқари, барча иштирокчи университетларда қайта ишланган пластмассадан скамейкалар ўрнатилади, улар челленж ҳамкори Sanfa томонидан ишлаб чиқарилади. Челленж ғолиби – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети бош соврин: янги ўқув йилида университет талабалари учун ўтказилиши режалаштирилаётган “Movie night by Coca-Cola” учун сертификат билан тақдирланди.

“ Coca-Cola’нинг мақсади дунёни янгилаш ва уни яхши томонга ўзгартиришдир. Биз бу мақсадимизга дунё миқёсида 137 йил, Ўзбекистонда эса 30 йил давомида содиқ қолдик. Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “ЭКОМАКТАБ” нодавлат нотижорат ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастурига атроф-муҳитни яхшилаш, чиқиндиларни тўплаш ва қайта ишлаш, шунингдек, чекка ҳудудларда ичимлик суви билан таъминлаш ва сувни табиатга қайтаришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишдаги ҳамкорлик ва қўллаб-қувватловлари учун миннатдорчилик билдираман. Экология соҳасида инновацион ечимларни татбиқ этгани учун “Sanfa Products” компаниясига эса алоҳида миннатдорчилик билдираман,” — деди Coca-Cola Icecek компаниясининг Ўзбекистондаги бош менежери Эзел Агаўғлу.