Каховка ГЭСи тўғони 6 июн куни ёрилиб кетди. Фото: Anadolu

Украина ҳукумати таъкидига кўра, Каховка ГЭС иншоотларини портлатиш тунги соат 3 ларда, катта эҳтимол билан РФ қуролли кучлари 205-мотоўқчи бригадаси ҳарбийлари томонидан амалга оширилган. Украина разведкаси маълумотларига кўра, тўғон ва ундан ўтувчи автойўлни миналаштиришларини россияликлар ўтган йилнинг баҳорида станцияни эгаллашган заҳоти амалга оширишган, деб ёзади BBC.

Кремл барча айбловларни рад этмоқда ва гоҳ ГЭСга Украина томони ракета ҳужум уюштиргани, гоҳ «қўпорувчилик» оқибатида портлатилганини таъкидламоқда. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков буни қўпорувчилик ҳаракати дея атаб, мақсадлар ичида «Қримни сувдан қуруқ қолдириш» бўлганини таъкидлаган.

Қандайдир мустақил суриштирувлар натижасидан умид қилмаса ҳам бўлади, тўғон Россия қўшинлари назорати остида, украиналик терговчилар ва техник мутахассислар унинг қолдиқларини текшира олишмайди.

Тўғон ўпирилишидан бир неча кун аввал, 31 май куни Россия ҳукумати негадир Украина билан уруш давомида оккупация қилинган ҳудудларда «ҳарбий ҳаракатлар, қўпорувчилик ва террорчилик актлари натижасида содир этилган» гидротехник иншоотларда аварияларни техник суриштиришни тўхтатиб турувчи қарор қабул қилган.

Каховка тўғони ўпирилиши хавфи ҳақида Херсон областида қизғин уруш борган 2022 йилнинг кузидан буён кўп гапириб келинади. Ўшанда ҳар икки тараф Украинанинг қарши ҳужумига тайёрланганди — Россия армияси тўғон устидан кўприк орқали Херсондаги гуруҳини ўқ-дорилар билан таъминлашга уринар, Украина ҚК эса бунга фаол равишда тўсқинлик қиларди. Бироқ, тўғон кўплаб ўқ ёмғирларига туриб берганди. Энди, кўплаб белгиларга кўра, Украина яна қарши ҳужумни бошламоқда. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда энг биринчи бўлиб тўғон атайлаб портлатиб юборилгани ҳақидаги версия пайдо бўлди.

Россия ҳарбийлари Каховка ГЭСида. Улар станцияни босқиннинг дастлабки кунлари, 2022 йилнинг февралида эгаллаб олишган эди. Фото: EPA

Нима бўлганда ҳам тўғоннинг ўпирилиш сабаблари ҳозирча аниқ эмас. Воқеа рўй берганидан бир неча соат ўтиб, иккита асосий версия пайдо бўлди: ўпирилиш жанглар давомида етказилган зиёнлар туфайли рўй берганми ёки у атайлаб бузиб ташланган?