Кремлпараст ОАВ ва блогерлар RT бош муҳаррири Маргарита Симоняннинг Белгород области ўққа тутилмаслиги учун урушни тўхтатиш ва Украинанинг «баҳсли ҳудудларида референдумлар» ўтказиш кераклиги ҳақидаги сўзларини муҳокама қилмоқда.

Тарғиботчи бу ҳақда 4 июн куни «Россия 1» телеканалидаги «Вечера с Владимиром Соловьевым» кўрсатувида гапирди. Симонян бир кун аввал Индонезия мудофаа вазири Прабово Субианто томонидан таклиф қилинган Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасида келтирилган таърифлардан фойдаланган. У зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, қуроллардан холи ҳудуд яратиш ва унда халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш, шунингдек, БМТ воситачилигида «баҳсли ҳудудлар»да референдумлар ўтказиш тарафдори эди.

Meduza нашри Симоняннинг нутқидан баъзи иқтибосларни келтирди.

— Украина қуролли кучлари узоқ масофага учувчи ракеталар ва қирувчи самолётларни олади. Улар бизга, бизнинг ҳудудларимизга зарба беради. Белгород областига, ундан ҳам узоқроққа, Воронеж областига, Худо кўрсатмасин, Ростов, қадрдон Краснодарга. Қрим ҳақида гапирмаяпман.

Шундан кейин биз учун «қизил чизиқ» нима бўлади? Биз ҳали бу чизиқни кесиб ўтганимиз йўқ — бизга қарши урушаётганларга зарба бермадик. Шундай пайт келадики, биз қирувчи самолётлар учадиган аэродромларга, буларнинг барчаси ишлаб чиқариладиган заводларга, портларга зарба беришимиз керак бўлади. Лекин охир-оқибат улар ҳам худди шундай жавоб қайтаради. Бу худди байрамда болалар бир-бирига торт улоқтирганга ўхшайди. Шундай бўлмаслигини хоҳлар эдим.

Индонезия ажойиб режа билан чиқди. Мен ҳам бу ҳақда гапирганман. Йил давомида шуни айтдим. Ҳозир қон тўкилишини тўхтатиш жуда ажойиб бўларди. Ҳамма турган жойида қолади, музлатилади ва Индонезия таклиф қилганидек референдум ўтказилади. Барча баҳсли ҳудудларда референдум. Одамлар қаерда, ким билан қолишни истаса, бу ҳудуд ўша мамлакатга ўтади. Бу адолатли-ку? Биз билан яшашни истамайдиган ҳудудлар бизга керакми? Мен бунга ишончим комил эмас. Ва негадир президентга ҳам улар керак эмасдек туюлмоқда.

Бу жуда яхши бўларди, лекин бир нарса бор: улар ҳеч қачон бунга рози бўлмайдилар.