Жаҳон | 16:37 / 13.06.2023
5451
2 дақиқада ўқилади

Goldman Sachs АҚШ иқтисодиёти аста-секин ўсиб бораётган бир пайтда ҳам рецессия сезилишини тахмин қилди

Фото: AP

Goldman Sachs раҳбари CNBC’га берган интервьюсида, АҚШ иқтисодиётида рецессия сезилиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, бу ялпи ички маҳсулотнинг 0-1 фоизга ўсиши ва инфляция 3,5-4 фоиз даражасида бўлишида ҳам юз бериши мумкин. Олдинроқ Goldman Sachs АҚШда кейинги 12 ой ичида рецессия бўйича прогнозини 25 фоизгача пасайтирган эди

Goldman Sachs бош директори Дэвид Соломон CNBC телеканалига берган интервьюсида АҚШ иқтисодиётида рецессия юз бермаса ҳам, унинг бошланиши сезилишини айтди. 

Соломоннинг фикрича, АҚШ иқтисодиёти 2023 йил охири ёки 2024 йилнинг биринчи ярмида таназзулга юз тутиши мумкин. Шу билан бирга, унинг фикрича, рецессиянинг ўзи бошланмаган бўлса ҳам, вазият ялпи ички маҳсулотнинг 0-1 фоизга ўсиши ва инфляция 3,5-4 фоиз даражасида бўлганида ҳис этилиши мумкин. 

Шу билан бирга, Соломон фикрича, АҚШ иқтисоди Федерал захира тизими пул-кредит сиёсатини кескинлаштириш фонида «ақл бовар қилмайдиган чидамлилик» кўрсатди. Соломон бундан ҳайратда қолганини ва «йўл қийинроқ бўлади» деб тахмин қилганини қўшимча қилди. Унга кўра, Goldman Sachs рецессия эҳтимоли бўйича ўз прогнозини пасайтирган бўлса-да, бу даврда «бироз эҳтиёт бўлиш керак». 

Олдинроқ Goldman Sachs АҚШда кейинги 12 ой ичида рецессия бўйича прогнозини 25 фоизгача пасайтирган эди. Шу билан бирга, дунёдаги энг йирик облигацияларга инвестициялар бошқарувчилари Fidelity International ва Allianz Global «иқтисодий бўрон»ни башорат қилди. Уларга кўра, ФЗТ ставкаларининг кетма-кет 10 марта оширилиши зарар келтирди ва март ойида АҚШнинг учта банки «қулаши» келгусида катта инқирознинг хабарчиси, деб ёзади Bloomberg. 

Мавзуга оид