10:10 / 13.06.2023
105138

Ислом Каримовнинг ўғли Ўзбекистоннинг собиқ 1-хонимини судга берди

Пётр Каримов Татяна Каримовага нисбатан қўзғаган даъвонинг предмети ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо экани маълум.

коллаж Kun.uz

26 июн куни Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг биринчи президенти, марҳум Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилади — даъвогар Ислом Каримовнинг биринчи никоҳидан бўлган фарзанди Пётр Каримов.

Тошкент шаҳар суди томонидан эълон қилинган маълумотда даъво предмети ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо эканини кўриш мумкин.

 

Биринчи инстанция судида ишни судья Азиз Раҳмонов кўриб чиқади.

Бу Пётр Каримовнинг отаси вафотидан кейинги илк даъвоси эмас. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясида бир неча йил ишлаган Пётр Каримов 2018 йилда Москвадаги суд орқали иш берувчидан ўзига белгиланган пул маблағларини ундириб беришни сўраган эди. Йил охирига келиб масала бўйича даъвогар ва жавобгар ўртасида муддатдан аввал келишувга эришилгани туфайли иш тугатилган.

Пётр Каримов – Ислом Каримовнинг ўтган асрнинг 60-йилларида уйланган биринчи рафиқаси Наталя Петровна Кучмадан туғилган катта фарзанди ҳисобланади. Бу ҳақдаги расмий маълумотлар Ислом Каримов вафотидан кейин очиқланган.

Top