Ўзбекистон | 12:33 / 13.06.2023
29767
4 дақиқада ўқилади

Қўқондаги ёнган бозордан фоторепортаж

Қўқон шаҳридаги “Буюк ипак йўли” савдо мажмуасида (улгуржи бозор) йирик ёнғин содир бўлди. Қарийб 6 соат давом этган ёнғин мажмуанинг катта қисмига зарар етказган. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб вазиятни ўрганди.

12 июн Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган савдо мажмуасида келиб чиққан ёнғин натижасида юзлаб дўкондорларнинг кийим-кечаклари ёниб кулга айланган. Айрим тадбиркорлар олов ичидан ўз маҳсулотларини олиб чиқишга улгурган. Аксарият савдогарларнинг ҳаракати бесамар кетган. Kun.uz мухбири воқеа жойида бўлиб ФВБ расмийси ва бозорда савдо қилиб келган тадбиркорлар билан суҳбатлашди.

Фарғона вилояти ФВБ ахборот хизмати раҳбари Аҳлиддин Алижоновнинг маълум қилишича, ёнғинни ўчириш учун Наманган вилоятидан ҳам ёнғин-қутқарув бўлинмалари ёрдамга келган.

Аҳлиддин Алижонов

“Кийим-кечак дўконларида ёнғин содир бўлгани ҳақида ФВБга 12 июн куни соат 19:17 да хабар келиб тушган. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 19:25 да етиб келишган. Олиб борилган тезкор чора-тадбирларга қарамасдан мажмуанинг тахминан 5000 кв.мда ёнғин содир бўлди.

Вилоятдаги 20 та ёнғин-қутқарув автомобиллари ёнғинни ўчиришга жалб этилди. Бундан ташқари Наманган вилояти ФВБдан ҳам 5 та қутқарув экипажлари ёрдамга келган. Соат 23:30 да ёнғин бутунлай ўчирилди. Айни пайтда ёнғин содир бўлган ҳудуд қайта назорат қилиняпти. Ҳозирда ёнғин келиб чиқиш сабаби ўрганиляпти”, – дейди у.

Тадбиркор Ҳумоюн Фарҳодов дўконидаги барча моллари буткул ёниб битгани ҳақида сўзлаб берди.

Ҳумоюн Фарҳодов

“Соат 17:00-18:00 ларда бозор ёнишни бошлаган экан. Бу пайтда уйда эдик. Мудҳиш ҳодиса ҳақида эшитиб, зудлик билан бозорга етиб келдик. Бозор ичкарисига кириб, олов дўконимиз яқинигача етиб келганига гувоҳ бўлдик.

Ёнаётган бозорга укам билан бирга келган эдик. Дўкон эшиги очилавермагач, ойнасини синдириб ичкарига кирдик. 2-3 қоп кийим олишга улгурдик. Лекин қолган молларимизни олиб чиқишга имкон бўлмади. Дўконимда 150-200 миллион сўмлик кийим-кечак бор эди. Қўлимиздан ҳеч нарса келмади”, –дейди ёнғиндан зарар кўрган Ҳумоюн Фарҳодов.

Гулбаҳор Маҳкамова ёнғин то дўконигача етиб келгунича барча маҳсулотларини ташқарига ташиб чиқишга улгурган.

Гулбаҳор Маҳкамова

“Савдо мажмуасида ёнғин бўлгани ҳақида уйимизда хабар топдик. Уйда неварамни олиб қолган эдим. Ўғлим ва келиним эса ўша пайтда бозорда эди. Зудлик билан дўконга етиб келдим. Ҳолат чиндан даҳшатли эди. Таниш-билишларнинг ёрдамида дўкондаги бор буюмларни олиб чиқишга муваффақ бўлдик.

Минг шукрки, дўконимизгача ёнғин етиб келмади. Кийим-кечакларни ташқарига ташиб бўлиб, таниш дўкондорларга ёрдамга шошилдик. Айрим ноинсоф кимсалар ёрдам бериш баҳонасида қўлимиздаги қопларни олиб қочишди”, – дейди у.

Дўконига ўт кетган тадбиркор Муслима Қўлдошева дўкони учун ажратилган жой бошқаларга сотиб юборилишидан хавотирда эканини айтди.

Муслима Қўлдошева

“Ёнғин бўлаётгани ҳақида соат 19:00 ларда хабар топдим. Кўчалар тирбанд эди. Тадбиркорлар шоша-пиша кийим-кечакларини олов қуршовидан олиб чиқишга уринишарди. 

Бозорга етиб келсак ичкарига киритишмади. Онам ҳам дўконим ёнида парфюмерия ва таглик сотади. Онам 25, мен эса 5 йилдан бери шу бозорда савдо қиламиз. Маҳсулотларимизнинг айримларини ўғирлашди. Айримлари ёниб кул бўлди. Дўконимизда камида 40-50 млнлик юк бор эди. Кийим-кечакларни ташқарига ташишга улгурмадик. Товарлар ёниб кетганига чидаймиз, лекин энг асосий масала бизга қарашли жойларни бошқаларга сотиб юборишларидан хавотирдамиз”, – дейди у. 

Бозорда савдо қилувчи тадбиркорларнинг айтишича, ёнғин содир бўлишидан аввал соат 17:00 ларда айрим дўконларда электр пайвандлаш ишлари амалга оширилган.

Бош прокуратура маълумотига кўра, савдо комплексларида содир бўлган ёнғин бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зиёев, Kun.uz 

Мавзуга оид