Глобал иқлим исиши борлигига шубҳа қилиб келган одамларнинг ҳам айни дамлардаги дунё манзарасини кўриб, гумонлари тарқаган бўлса керак. Афсуски, бу исиш Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Ҳали ёз ойининг жазирамаси кириб келмай туриб, июн ойи бошида Ўзбекистоннинг кўп шаҳарларида +40 даража иссиқ кузатилди.

Шаҳарларни нима иситиб юборади?

Шаҳарни иситиб юборадиган омиллардан бири кўп қаватли иморатларда ишлатиладиган материллардир. Уларнинг аксари қуёшни яхши ўтказади ва уни ўзида узоқ вақт сақлаб туради. Бинолар, шунингдек, шамол тезлигини пасайтириб, термал нурланишни тўсиб қўяди. Бундан ташқари, автомобил двигателлари, кондиционерлар ва бошқа энергия истеъмолидан чиқадиган карбонат ангидрид ҳавонинг умумий ҳароратини оширади. Одатда тупроқда иссиқ ҳаво сўрилиб, буғланиш содир бўлгани учун ҳам иссиқ ҳарорат бироз пасаяди. Лекин шаҳарларда йўл, иморатлар ва турли боғлар ҳисобига тупроқли ерлар кам бўлади. Натижада тупроқ буғланиши ҳам кам бўлиб, иссиқлик шаҳар бўйлаб кезиб юради.

Тўғри, катта шаҳарларда индивидуал тарзда ҳамма ўзи учун салқин жойни яратиши мумкин. Масалан, кондиционер ўрнатиши, маълум ҳудудларга сув сепиб туриши мумкин. Лекин булар бутун бошли шаҳарда иссиқликни камайтиришга қанчалик ёрдам беради? Яъни сиз уйдан ташқарига, кечқурун боғ айлангани чиқсангиз, ўзингиз билан кондиционер олиб юролмайсиз ва сиз ҳақиқатдан салқин ҳавога эҳтиёж сезасиз.

Дарахтлар ва парклар

Нега фаоллар дарахт экиш керак, дарахтни кўпайтириш керак деб бонг уради биласизми? Дарахтлар баргидаги сув кун давомида буғланади. Ва бу буғланиш учун энергия керак. Айнан ўша иссиқ энергиянинг маълум бир қисми дарахтларнинг буғланишига сарфланади. Қарабсизки, дарахт экилган жойлар салқинроқ бўлади. Ҳатто кўпроқ баргли дарахтлар иссиқни 1-2 даража пасайтира олади. Шунинг учун шаҳарларда қанча кўп дарахт бўлса, шунча салқинлаша боради.

Оқ ёки ёрқин рангли томлар

Қора ранг қуёш энергиясини ўзига тортади, оқ эса уни қайтаради. Музликлар ҳам оқ бўлгани учун қуёшни яхши қайтаради ва сайёрани салқинлатиб туришга ёрдам беради. Одамлар ҳам ёзда кўпроқ оқ кийим кийишга ҳаракат қилишади. Худди шундай уй томларини ҳам оқ ёки шунга ўхшаш ёрқин рангга бўяш орқали иссиқликни қайтариш мумкин. Албатта, оқ томлар фақат ёзда самарали ҳисобланади. Чунки қишда иссиқни яхши тортгани учун тўқроқ ранглар электр энергиясини яхши тежайди.