Очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳманов, вилоят ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б. Хамраев, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси А. Сангинов ҳамда масъул раҳбарлар, маҳаллий хусусий сектор вакиллари – тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Айтиш лозимки, янги истиқболли лойиҳалар ишга туширилиши натижасида мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳияти янада ортади ҳамда тоза ва арзон яшил электр энергия манбасини ишлаб чиқариш кескин оширилади. Шу мақсадда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан республика бўйлаб жами 250 та умумий қуввати 125 МВт, ўртача йиллик ишлаб чиқариши 675 млн.кВт.соат бўлган микро ГЭС лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди.

Бугун ана шу манзилли рўйхати шакллантирилган Андижон туманининг Завроқ маҳалласи каналининг биринчи пикетида қуввати 200 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,2 млн.кВт.соат бўлган Завроқ микро ГЭС ишга туширилди. Ушбу лойиҳани ишга тушириш, келгусида Андижон туманининг 300 та хонадонини ёки 1 200 нафар аҳолисини экологик тоза электр энергия манбаи билан таъминлаш имконини беради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 3,4 млрд.сўмни, хусусан асбоб-ускуналар 1,9 млрд.сўмни, қурилиш-монтаж ишлари 1,5 млрд.сўмни, шундан 220 млн. сўм қувватни тармоққа узатиш харажатларини ташкил этди. Лойиҳанинг ўзини иқтисодий жиҳатдан қоплаш муддати 4,4 йилни ташкил этади.


Шунингдек, Андижон вилояти Олтинкўл тумани Улуғнор каналининг саксон бешинчи пикетида янги чархпалак типидаги микро ГЭСи ҳам янги қувватда ишга туширилди. Қуввати 50 кВт, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 360 минг. кВт.соатни ташкил этган мазкур микро ГЭС 150 та хонадонни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга.
Аҳамиятли жиҳати, лойиҳа доирасидаги лойиҳалаштириш, қурилиш ҳамда ускуналарни ўрнатиш ишлари нисбатан қисқа вақт оралиғида, яъни, 2 ойда амалга оширилишига муваффақ бўлинди.




















