Жаҳон | 18:39 / 17.06.2023
14462
4 дақиқада ўқилади

Каховка ГЭСи тўғонининг бетон асоси ичидаги тоннелда юз берган портлаш туфайли вайрон бўлган — New York Times

Сув остида жойлашган ва баландлиги 20 метр, эни 40 метр бўлган ушбу бетон асос тўғонга таъсир қилаётган юкланишнинг катта қисмини ўзига қабул қилиб турган бўлган.

Фото: Maxar/ "Схемы"

Каховка ГЭСи тўғонининг портлатилишидан 9 кун ўтиб, 15 июн куни Telegram’даги «Военный осведомитель» Z-канали ГЭС вайроналари оқибатлари тасвирланган видеони жойлаштирган.

New York Times газетасининг ёзишича, ушбу видеола тўғон вайрон бўлган жойдаги бетон асос кўзга ташланмайди. Тўғоннинг омон қолган қисмида бетон асоснинг устки қисмлари кўриниб турибди.

Ушбу бетон асоснинг ичида техник тоннел ўтган бўлган. Унга фақат Россия қўшинлари назорати остида бўлган машина залидан орқали кириш мумкин бўлган. New York Times нашри журналистлари танишган чизмаларда тоннел қора ранг билан белгиланган. Бундан ташқари, украиналик инженер Игор Стрелец ҳам бу тоннелнинг мавжудлиги ҳақида яхши билган — у ўтмишда бир неча ой Каховка ГЭСида ишлаган.

Каховка ГЭСи тўғони асоси (зарғалдоқ ҳошия билан белгиланган) ва унинг ичидан ўтган тоннел (қора рангда). Фото: New York Times

Стрелец ГЭС тўғонининг бетондан ясалган асоси вайрон бўлиши учун ягона сабаб сифатида атайлаб портлатиш уюштирилганини келтирмоқда. Унинг сўзларига кўра, портлаш асоснинг бир қисмини ишдан чиқарган, шундан сунг кучли сув босими портлаш нуқтаси атрофидаги тўғон қисмларини вайрон қилган.

Украиналик экспертнинг сўзларини америкалик икки инженер ва портловчи моддалар бўйича мутахассис ҳам маъқулламоқда.

«Агар сиз тўғонни вайрон қилишни мақсад қилиб қўйсангиз, бунинг учун сизга кучли портлатиш керак бўлади. Тоннел — портловчи модда жойлаштириш учун идеал жой», — дейди тўғонлар хавфсизлиги масалаларига ихтисослашган инженер Майкл Уэст.

«Агар улар портловчи моддани тоннелга жойлаштиришган бўлса, бу кўп нарсага ойдинлик киритади», — дейди Мэрилэнд университети профессори, АҚШ миллий инженерлик академияси аъзоси Грегори Бичер.

Каховка ГЭСининг вайрон бўлишида портлатиш катта рол ўйнаганига яна бир далил сейсмик станция ва сунъий йўлдошларнинг қайд этган маълумотларидир. 6 июн куни тунги соат 2:35 ва 2:54 да портлашни Украина ва Руминиядаги сейсмик станциялар қайд этишган. Америка разведка сунъий йўлдошларининг датчиклари тўғон ёрилишидан писа аввал иссиқ ҳаво отилиб чиққанини қайд этган, бу ҳам портлашга ишора қилади, деб ёзади New York Times.

Аввалроқ Украина ва Россия тўғонни вайрон қилишда бир бирини айблаган эди. Украина томони ГЭСнинг машина залида портлаш рўй берганини айтса, Россия томони Украина қуролли кучларининг ракета зарбаларини пеш қилаётганди. OSINT-таҳлилчилар эса тўғон унга аввалроқ етказилган зиёнлар ва россияликлар томонидан нотўғри эксплуатация қилиш натижасида вайрон бўлган бўлиши мумкинлигини ёзишган.

Каховка ГЭСининг вайрон бўлиши натижасида ўнлаб аҳоли пунктлари сув остида қолди. Днипро дарёсининг Россия томонидан оккупация қилинган сўл соҳилида расмий маълумотларга кўра 25 киши ҳалок бўлган. Эвакуацияда иштирок этган волонтёрлар аслида ўлганлар сони юздан ошиқ бўлиши мумкинлигини айтишган.

Украинанинг Херсон области маъмуриятининг қонуний раҳбари Олександр Прокудинга кўра, ўнг соҳида ўн киши ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид