Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан Шарқий Европада жойлашган Полша, Венгрия, Чехословакия, Руминия, Болгария, Югославия, Албания ҳамда Шарқий Германияда СССР томонидан коммунистик партиялар тузилиб, ҳокимият эгалланади. Шу тариқа улар Москва таъсири остига тушиб қолишади.

Ўша пайтда Шарқий Европа халқлари келажакда ўзларини нималар кутаётганини, советлар бошларига қандай кулфатлар солишини билишмасди.

Тез орада маъмурий буйруқбозликка асосланган коммунистик тузум уларга ўз зулмини ўтказа бошлайди. Шундан сўнг СССРга вассал бўлган коммунистик тузумларга қарши бир қанча намойишлар бўлиб ўтади.

Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги баҳонасида коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.

1956 йил июн ойида энди Познан шаҳри аҳолиси коммунистик тузумга қарши намойишлар бошлайди. СССР таъсири остида яшашни хоҳламаган познанликлар Полшада коммунистик тузум яккаҳокимлигига чек қўйишни талаб қилиб чиқишади. Намойиш совет раҳбариятига садоқат билан хизмат қилаётган ҳукумат буйруғи билан Полша ҳарбийлари томонидан бостирилади.

Ўшанда СССРда полякларнинг бу намойиши «империалистлар тарафдорлари ва америка долларига сотилганлар томонидан Полшада коммунистик тузумга қарши уюштирилган тартибсизликлар» деб талқин қилинади. Познандаги намойишлар социалистик лагерда коммунистик тузумга қарши ўтказилган биринчи йирик халқ норозилиги эди.

Познандаги намойишга сабаб бўлган ҳодисалар

Урушдан сўнг СССР таъсирига тушиб қолган Полшанинг биринчи президенти Болеслав Берут Сталин тузумини ёмон кўриб қолганди. Шунингдек, ўша даврда Полша ҳукумати раиси бўлган Юзеф Циренкевич ҳам зўравон Сталин тузумини унча ёқтирмаган.

Оқибатда, СССР раҳбарлари Сталин вафот этгунича Полшани «қонли қамчи» ёрдамида қаттиқ назоратда ушлашга мажбур бўлишади ва кўплаб одамлар ноҳақ қатағон қилинади. Бу Полша аҳолисида коммунистик тузумга қарши кайфиятнинг кучайишига сабаб бўлади.

1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Шундан сўнг унинг даврида қатағонга учраган шахсларга тегишли жиноят ишлари қайта кўрила бошланади.

Полшада ҳам сиёсий айбловлар билан қамалган шахсларнинг ишларини қайта кўра бошлашади. Аммо ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг кўплаб жиноятлари ошкор бўлиб кетиши эҳтимоли борлиги учун ишлар жуда суст олиб борилади.