Украинанинг мамлакат жанубидаги юриши жуда суст ривожланмоқда. Икки йўналишдаги (учтадан) дастлабки муваффақиятларидан кейин Украина қуролли кучлари ҳали ҳам Россия мудофаасининг асосий чизиғига етиб кела олмади. Учинчи йўналишда эса (Орихив шаҳридан жануби-ғарбда) Украина кучлари умуман ҳеч қандай ютуққа эриша олмади.
Бу украин қўшинлари Россия мудофаасининг ўзига хос хусусиятларига мослашаётгани билан боғлиқ. Украина қуролли кучлари дастлаб ўтказишни режалаштирган манёврлар ўрнига мамлакат жанубида ҳам бошқа йўналишлардаги каби режимга ўтди: камикадзе дронлар ва узоқ масофали артиллерия билан Россиянинг ичкаридаги позицияларига кўп сонли зарбалар йўллаш, кичик отрядлар билан РФ қуролли кучларининг ўрмонзорларидаги позицияларини штурм қилиш. Бундай уруш олиб бориш катта ютуқлар ва катта ҳудудларни озод этишни ваъда қилмайди, аммо бу орқали катта муваффақиятсизликлардан қочилади. Яхши разведка ва бошқарувчисиз авиациядаги устунлик (ва узоқ масофага зарба берувчи артиллерия аниқлиги) эвазига Украина қуролли кучлари техникадаги йўқотишларни мувозанатлаштириши мумкин.
Шу билан бирга, Украина қўмондонлиги ҳали ҳам юриш учун йиғилган асосий кучларини жангга ташламади. Ҳужумларда Украина ёзги кампания учун тузган ҳамда ғарб техникалари билан қуроллантирилган 20 бригададан фақат тўрттаси қатнашмоқда. Юришда шунингдек тўрт-бешта «эски» бригадалар (жумладан, ҳудудий мудофаа қисмлари), экси ва «янги» артиллерия бригадалари ва дронлар операторларининг кучайтирилган гуруҳлари ҳам иштирок этмоқда.
Икки савол ўртага чиқади:
- Ҳужумнинг бундай ривожланиши Украинанинг дастлабки режасидан қанчалик фарқ қилади?
- Украина қуролли кучлари яқин кунлар ёки ҳафталарда юзлаб танклар ва бошқа зирҳли техникалар билан қуролланган бригадалар билан асосий зарбани беришни режа қилганми?
Украинанинг ҳужум режаси, табиийки, номаълум. Фақат айтиш мумкинки, реаллик Ғарбдаги кўплаб экспертлар ва истеъфодаги ҳарбийларнинг кутилмаларидан жиддий фарқ қилмоқда. Масалан, Марказий разведка бошқармасининг собиқ раҳбари Дэвид Петреус 3 июн куни — юриш бошланиши арафасида — Украина қуролли кучлари асосий зарбани дарҳол беришини башорат қилган, унга кўра дастлабки 72–96 соатликда максимал кучлар билан ҳаракатланиб, Россия мудофааси ёриб ўтилиши керак эди.
Прогнозлар ва реаллик ўртасидаги фарқни икки йўл билан тушунтириш мумкин.




















