Жаҳон | 14:54 / 19.06.2023
15293
2 дақиқада ўқилади

Украина «Маршалл режаси» учун 40 миллиард доллар сўрайди

Фото: AP

Киев Лондондаги йиғилишда маблағ ажратиш ҳақида, жумладан, экологик тоза металлургияни ривожлантиришга пул сўрайди. Президент офиси раҳбари ўринбосари Шурманинг сўзларига кўра, бу «Маршалл яшил режаси»нинг биринчи қисми бўлади

Украина Лондондаги конференцияда урушдан вайрон бўлган иқтисодиётни тиклаш ва хусусан, экологик тоза металлургияни ривожлантириш учун «Маршалл яшил режаси» доирасида 40 миллиард доллар сўрайди, деди Украина президенти офиси раҳбари ўринбосари Ростислав Шурма 19 июнь, душанба куни чоп этилган Reuters агентлигига берган интервьюсида. 

«Агар қайта қуриш зарур бўлса, уни замонавий «яшил» технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мантиқан тўғри бўлади. Бизнинг фикримизча, у Украинада 50 миллион тонна миқдорида экологик тоза пўлат ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан иборатдир», - деди Шурма. 

Reuters агентлигига кўра, бу Украинага атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатадиган эритилган пўлатни дунёда энг паст нархларда етказиб бериш имконини яратади ва Европанинг углерод чиқиндиларини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. 

Сиёсатчилар ва молиячилар 21-22 июнь кунлари Лондонда Украина ва Буюк Британия раислигида йиғилиш ўтказади, унда қисқа муддатли молиялаштириш масалалари ва Украинани қайта тиклаш бўйича узоқ муддатли режалар муҳокама қилинади. Шурма тилга олган 40 миллиард доллар Украина иқтисодиётини тиклаш учун «Маршалл яшил режаси»нинг биринчи қисми бўлиши керак. 

Ростислав Шурманинг ҳисоб-китобларига кўра, маблағ йиғиш бўйича дастлабки ишлар бир йилдан бир ярим йилгача давом этади, аммо Украина иқтисодиётини тиклаш бўйича ҳақиқий иш фақат уруш тугаганидан кейин бошланиши мумкин. 

Жаҳон банки прогнозларига кўра, Украинани тиклаш 400 миллиард доллардан кўпроқ маблағга тушади. Бу миқдор Украина ялпи ички маҳсулоти ҳажмидан уч баравар кўпдир. 

Мавзуга оид