Жаҳон | 11:11 / 21.06.2023
8321
3 дақиқада ўқилади

Россияда маҳкумларни шартнома бўйича армияга чақиришга рухсат берилди

Маҳкумлар билан шартномалар тузиш тартиби Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади. Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган маҳкумлар афв этиш орқали жазони ўташдан озод этилади.

Фото: ТАСС

20 июнь, сешанба куни Россия Давлат думаси кичик жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган фуқароларга сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ва уруш даврида ҳарбий хизматни ўташ учун шартномалар тузишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди. Тегишли маълумотлар Дума маълумотлар базасида пайдо бўлди.

Россия Жиноят кодексида «қасддан ва эҳтиётсизлик ҳаракатлари» энг кўп уч йилгача қамоқ жазоси билан кичик оғирликдаги жиноятлар, ўртача оғирликдагиси - беш йилгача қамоқ жазоси билан «қасддан содир этилган қилмиш» деб тан олинади. Бу, хусусан, талончилик, товламачилик, аффект ҳолатидаги қотилликка тегишли. Терроризм, давлатга хиёнат, экстремизм, қўпорувчилик ва бошқа оғир жиноятларда айбланган шахслар бу ҳуқуқдан фойдалана олмайди.

Маҳкумлар билан шартномалар тузиш тартиби РФ Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади. Ҳарбий идора билан шартнома тузган маҳкумлар афв этиш орқали жазони ўташдан озод қилинади. Қонун лойиҳаси нафақат жазони ўтаётган, балки озодликка чиққан, лекин судланганлиги ҳалигача олиб ташланмаган шахсларга ҳам тегишли. 

Қонун лойиҳаси Украинадаги кенг кўламли уруш пайтида қабул қилинган қарорларни де-факто қонунийлаштиради. Илгари маҳкумларга хизмат муддати тугагач, афв этилиши ваъда қилиниб, шартнома бўйича хизматга жалб қилинган. Буни биринчи бўлиб «Вагнер» ХҲК, кейин эса Россия Мудофаа вазирлиги амалга оширди. 

Россия колонияларидан қанча одам урушга жалб қилинганлиги аниқ маълум эмас. 2022 йил ноябрь ойида Федерал жазони ижро этиш хизмати маҳбуслар сони икки ой ичида рекорд даражада - 23 минг кишига қисқаргани ҳақида хабар берган эди. Бир мунча вақт олдин «Вагнер» ХҲК эгаси Евгений Пригожин Украинага қарши урушда қатнашиш учун илгари жалб қилинган 32 минг собиқ маҳбус шартнома муддати тугаганидан кейин Россияга қайтганини айтганди. 

Мавзуга оид