Ўзбекистон | 11:22 / 23.06.2023
24068
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига нисбатан салқин ва нам ҳаво кириб келади 

Ушбу ҳафтанинг бошида, синоптиклар ваъда қилганидек, Ўзбекистон бўйича иссиқ бироз пасайди. Ҳарорат +33...+38 даражагача тушди. Фақат республиканинг энг жанубий ҳудудлари жуда иссиқ ҳаво массалари таъсири остида бўлди. Сурхондарё вилоятида ҳаво +40...+44 даражагача исиди.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, бугун ва эртага республика бўйича асосан кам булутли ва ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати +33...+38 даража, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда +42...+44 даража атрофида бўлади.

Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ва нам ҳавонинг яна бир қисми кириб келади. Республика бўйича булутлилик кучаяди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат яна +2...+4 даражага, ёз фасли учун қулай бўлган +31...+34 даражагача, жанубда баъзи жойларда +38...+40 даражагача пасаяди. Салқин ҳаво кечаси ва эрталаб сезилади, кечаси ҳарорат +15...+18 даражагача пасаяди.

Бугун жанубда ва чўл ҳудудларда, 24-25 июнь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача, айрим жойларда 20-23 м/с гача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 24-25 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Пойтахтда ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 3-8 м/с тезликда эсади, шанба куни кечга томон ва якшанба куни шамол тезлиги 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 23-24 июнда +34...+36 даража, 25 июнда +31...+33 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид