Статистика агентлиги 2023 йилнинг январь-май ойларидаги саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 19,86 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,15 млрд куб (2022 йилнинг январь-май ойларида 22 млрд куб метр бўлган) ёки 9,8 фоизга қисқарган.

Маълумот учун, 2022 йилда ҳам газ қазиб олиш 53,8 млрддан 51,66 млрд куб метргача ёки 4 фоизга камайганди.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда газ қазиб олишнинг қисқариши ва ички бозорда талаб ортиб бораётгани сабабли хорижга табиий газ сотишни жиддий қисқартирди. Хусусан, 2020 йилда Россияга экспорт бутунлай тўхтатилди ва Хитойга етказиб бериш ҳажми камайди. ТАССнинг Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотларига таяниб ёзишича, 2023 йил январь-май ойларида Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш ҳажми қиймат жиҳатидан 60,71 фоизга камайиб, 118,63 миллион долларни ташкил этган. Газ таъминотининг физик ҳажми кўрсатилмаган.

Шунингдек, ҳисобот даврида кўмир қазиб чиқариш 4,1 фоизга, газ конденсати ишлаб чиқариш 8 фоизга камайган бўлса, нефть қазиб олиш 3,1 фоизга ошган.

Электр энергияси ишлаб чиқариш эса 31,3 млрд кВт/соатни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга ёки 951,9 млн кВт/соатга ўсган. Хусусан, май ойида 7 млрд 331 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу – ўтган йилнинг май ойига нисбатан 36,1 фоизга ёки 1 млрд 945,4 млн кВт/соатга кўп.

Статагентлик бу ўсишни электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналардан тўрттаси кичик корхонадан йирик корхона тоифасига ўтгани ва шу сабабли улар ойлик ҳисобот тақдим қила бошлагани билан изоҳлади.

“Агентлик томонидан ҳар ойда эълон қилиб борилаётган пресс-релизлар дастлабки маълумотлар ҳисобланиб, улар фақатгина йирик корхоналар томонидан тақдим этиладиган статистик ҳисоботлар асосида шакллантирилади ва эълон қилинади. Май ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига асосий сабаб апрель ойига нисбатан 4 та электр энергиясини ишлаб чиқарган кичик корхоналар йирик корхонага айланган ҳамда статистика идораларига расмий ҳисобот тақдим этиши натижасида қўшимча 2 063,7 млн кВт/соат электр эгнергияси ишлаб чиқарилган. Бу апрель ойига нисбатан электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг 34,2 фоизга ошишига сабаб бўлди”,