Байрам табригида айтилишича, бугунги кунда мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда билим олаётган, ўз шахсий ишини очиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, Қуролли кучлар сафларида йигитлик бурчини шараф билан адо этаётган, ишлаб чиқариш, қурилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларига, замонавий IT-технологиялари йўналишларига дадил кириб бораётган, катта орзу-умидлар билан яшаётган 18 миллиондан зиёд ўғил-қизлар – бебаҳо бойлик, олтин захирадир.

“Янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшаман!”, деган юксак мақсадлар фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, уларнинг ҳаёти ва фаолияти мазмунига айланиб бораётгани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди.

Навқирон авлодимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча шароитларни яратиш сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум, албатта.

Ўтган қисқа даврда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди. Айниқса, янгиланган Конституциямизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда.

Шу ўринда янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз лойиҳасини муҳокама этиш ва умумхалқ референдуми орқали қабул қилишда ёшларимиз алоҳида фаоллик кўрсатганини миннатдорлик билан таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу эса ўғил-қизларимизнинг Ватанимиз тақдири ва келажагига юксак дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани, мамлакатимиздаги сиёсий-ижтимоий жараёнларга янгича руҳ ва мазмун олиб кираётганидан далолат беради.

Айни пайтда бундай фаол муносабат бутун халқимиз қатори ёшларимиз билан ҳам доимий мулоқотни йўлга қўйиб, фикр ва истакларини эшитаётганимиз, барча дастур ва режаларимизни амалга оширишда ўғил-қизларимизни кенг жалб этиб, уларга ишонч билдираётганимиз натижаси, десак, тўғри бўлади”, дейилади табрикда.

Қайд этилишича, ўтган даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди. Барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олинди. Маҳаллада бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди. “Ёшлар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун контракт пуллари тўлаб берилди.