Ироқлик Момика Қуръони карим нусхасини Стокҳолмдаги бош масжид олдидаги майдонда ислом оламининг муқаддас байрами Қурбон ҳайитининг биринчи куни нишоналаётганда ёқиб юборди. Маҳаллий полиция араб йигитнинг бир кишилик провокацион акциясидан кейин тўқнашув келиб чиқишига тайёр турган, лекин бундай бўлмаган.
Ироқ ҳукумати Швецияда ислом оламининг муқаддас китобини ёқишдек провокацион ҳаракатлар экстремистик кайфиятдаги руҳий носоғлом одамлар томонидан амалга оширилишига эътибор қаратган.
«Бу сўз эркинлигига зид бўлган агрессия ва нафратни ифодаловчи ҳаракатдир. Бошқа инсонларнинг қадриятларини ҳурматсиз қиладиган бундай шармандали ҳаракатлар шубҳасиз қораланади», дейилади расмий Бағдод баёнотида.
Расмий Теҳрон Швеция пойтахтида Қуръон нусхаси ёқилишини оқибати ўйланмаган провокацион ҳаракат деб атаган.
«Эрон ислом республикаси ҳукумати, эронликлар бундай ҳақоратомуз ҳаракатларга тоқат қилмайди ва бу ишни кескин қоралайди. Швеция ҳукумати қадриятларни ҳақорат қилишдек бундай ишлар такрорланишига йўл қўймаслигини кутяпмиз», деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний.
Марокаш томони ҳам ҳолатга реакция билдириб, мамлакатнинг Швециядаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Швециянинг Марокашдаги элчиси эса норозилик билдириш учун ТИВга чақирилди.
«Маккада ҳаж амаллари бажарилаётган ва ислом олами учун муқаддас байрам нишонланаётган вақтда амалга оширилган ушбу ҳаракат миллиардлаб мусулмонларни ҳақорат қилиш ҳисобланади», дейилади расмий Работ баёнотида.
Марокаш томони норозилигида бундай провокациялар Швеция ҳукуматининг рухсати билан амалга оширилишига эътибор қаратилган.
Суд қарори билан

Аввалига Швеция полицияси жамоат тартиби бузилиши мумкинлигини инобатга олиб, ироқлик Салван Момиканинг акциясини рўйхатга олишни рад этганди. Аммо ташкилотчилар судга мурожаат қилиб, ўз талаблари қонуний бўлганини исботлашга киришди. Суд даъвони қаноатлантиради ва икки ҳафта ўтиб полиция акция ўтказишга рухсат беради.
«Юзага келиши мумкин бўлган хавф амалдаги қонунчиликка кўра сўровни рад этадиган даражада эмасди», дейилади Швеция полицияси хабарида. Аммо худди шундай акция январ ойида Туркия элчихонаси олдида амалга оширилгач, Стокҳолмда икки ҳафта давомида норозилик намойишлари ўтказилганди.











