Бир неча минг йиллик ўтмишига эга Рим шаҳри бугунги кунда ҳам тарихий қиёфасини сақлаб қолган, замонавий осмонўпар бинолардан холи бўлган дунёдаги камдан кам пойтахт шаҳарлардан бири. Тарихий бинолар орасида қолиб кетган тор кўчалар автомобиллар учун кенгайтирилмаган. Аксинча, шаҳар ва шаҳарликлар шу ҳолатида ҳам автомобилларга тўла замонавий дунёга мослаштирилган ва мослашишган.


Йўллар шу қадар энсизлигига қарамасдан, ҳар бир кўчада автотураргоҳлар бор, тирбандликлар эса деярли кўзга ташланмайди. Хўш, Рим бунга қандай эришган? Биз замонавий дунёда фақат автомобиллар учун қурилган кенг йўлли шаҳарларимизда ҳам йўл талашиб юрган бир пайтда, “ўтмишдан қолган тор кўчали шаҳар” бунинг қандай уддасидан чиқяпти?
Бирма-бир санаймиз:
Биринчидан, кўчалар тор бўлса-да, чорраҳалари жуда кўп. Бу йўл бўлмаса, бошқа бир неча танловлар билан манзилга етиб олаверасиз. Бу эса тирбандликларга анчагина ечим бўлади.
Иккинчидан, одамлар фақат зарур ҳоллардагина машинадан фойдаланишади. Яқин 3-4 кмли ишларига эса пиёда ёки велосипедда ҳам қатнайверишади. Тўғри-да, машинада ўтир, ишда ўтир, уйда эса оёқ узат – ҳаракатсизликдан орттириладиган ортиқча вазн ва касалликлар кимга ҳам керак?

Учинчидан, давлат автомобиллар, велосипед, мотоцикллар учун тураргоҳлар масаласини ҳал қилиб қўйган. Деярли барча кўчаларда уловлар тўхташ жойлари ташкил қилинган. Фақат миннатли. Яъни жой керакми, марҳамат, пулини тўлаб қўйинг.
Нархларга тўхталсак, битта жой учун ҳар соатлик тўлов – 1 евро. Шунингдек, имтиёзли нархлар ҳам белгиланган. Масалан:
- 15 дақиқа учун 20 цент;
- 8 соатли мунтазам фойдаланганлик учун 4 евро;
- 1 ойлик автотураргоҳ нархи эса 70 евро.

Йўл ҳаракатига халал бериш-бермаслигига қараб ҳар бир автотураргоҳдан фойдаланиш вақтлари ҳам турлича ва йўл белгисида қатъий белгилаб қўйилган.























