“Сижжак” дам олиш маскани ва “Чотқол” оромгоҳи хусусийлаштириладиган объектлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонида келтириб ўтилган.
Маълумот учун, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Сижжак” дам олиш маскани биринчи президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Мазкур иншоот 2017 йилда суд томонидан мусодара қилиниб, давлат ҳисобига ўтказилган. Шу пайтга қадар дам олиш маскани бир неча бор сотувга қўйилган бўлса-да, етарли даражада таклифлар тушмагани сабабли хусусийлаштириш ишлари ортга сурилиб келинаётган эди.
Davletovuz Теlegram-каналининг ўз манбаларига таяниб ёзишича, “Сижжак” дала ҳовлиси 124-мактаб-интернат балансида сақланади, уни сотиш ёки фаолият турини ўзгартириш тақиқланган. “Чотқол” оромгоҳи эса Касаба уюшмалари федерацияси балансига ўтказилган.















